04.01.2025 08:00

Дунё ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди: Судан ҳақида ким қайғуради?

Ўтган йил бошида гуманитар инқироз кўламини ўз кўзим билан кўриш учун Суданга бордим. Кўрганларим эса мени ларзага солди. 

Бутун оилалар кунига атиги бир маҳал озгина овқат билан кун ўтказишга мажбур бўлишмоқда, IDP (ички кўчирилганлар) лагерлари кўчиб келаётганларнинг кўплиги туфайли тўлиб-тошиб кетган ва одамлар зўравонлик ҳамда ваҳшийликлар ҳақидаги даҳшатли воқеаларни сўзлаб беришмоқда. Бироқ мени энг ҳайратга солган нарса халқаро эътиборнинг йўқлиги бўлди. 

Судандаги уруш дунёдаги энг оғир очлик ва ички кўчирилганлар инқирозини келтириб чиқарди. 11 миллиондан ортиқ инсон, бу Лондон ва Бирмингем шаҳарларининг умумий аҳолисидан ҳам кўп, уй-жойларини ташлаб, мамлакат ичида бошқа жойларга кўчиб ўтишга мажбур бўлган. 

Мамлакат аҳолисининг ярми, яъни 25,6 миллион киши озиқ-овқат билан етарлича таъминланмаган, яъни улар кейинги овқатни қачон ейишларини билишмайди. Уруш деҳқонларни ерларидан ҳайдаб, бозорларни шип-шийдон қилгани, одамларни инсонпарварлик ёрдамидан маҳрум этгани сабабли Дарфур вилоятида очарчилик бошланди. 

Шундай бўлса-да, можаро бошланган 2023 йил апрелидан бери бу миқёсдаги гуманитар инқироз халқаро эътиборни унчалик жалб этмади. Порт-Судан ва Гедарефдаги IDP лагерларига ташриф буюрганимда, бирорта ҳам журналистлар жамоасини учратмадим. Йигирма йил илгари Судан инқирози бу даражада эътиборсиз қолиши мутлақо тасаввурга сиғмасди. 

Албатта, бутун мамлакат бўйлаб ҳукм сураётган тартибсизликлар туфайли журналистлар учун катта қийинчиликлар мавжуд ва инқироз ҳақида хабар беришга уринган маҳаллий журналистлар жиддий хавф-хатарларга дуч келишмоқда. Шунга қарамай, сўнгги ойларда баъзи ажойиб репортажлар ҳам эълон қилинди. 

Бироқ ёритиш кўлами воқеалар миқёсига мос келиши ниҳоятда муҳим. Оммавий ахборот воситаларининг эътиборисиз Суданга жуда зарур бўлган сиёсий, дипломатик ва гуманитар ҳаракатлар амалга ошмай қолиши мумкин. 

Хўш, нима учун Судан эътибор марказида бўлиш учун курашмоқда? Суданни диққат марказидан четда қолдираётган бир қатор турли омиллар мавжуд. 

Дунё ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди 

Афсуски, менимча, дунё миқёсида биз бошқа одамларнинг муаммоларидан юз ўгириб, ўзимиз билан ўзимиз овора бўлиб қолдик. Сўнгги йиллардаги глобал иқтисодий инқироз бутун дунёда, жумладан, ўз юртимиз Британияда ҳам қашшоқлик ва азоб-уқубатларни янада кучайтирди. 

Британия Исломий ёрдам ташкилотида мамлакатларимиздаги тобора ортиб бораётган қашшоқлик даражасини юмшатишга ҳаракат қилаётганимиз сабабли ички дастурларимиз йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Афсуски, бу бошқа мамлакатлардаги одамларнинг азоб-уқубатлари эътиборимизга лойиқ эмас, деб ҳисобланаётганини англатади. 

Бундан ташқари, баъзи оммавий ахборот воситаларининг Британияга келишга уринаётган қочқинлар ва бошпана изловчиларни қандай ёмонлаётганини кўрдик. 30 йил олдин ваҳшийликлар ва инсон ҳуқуқлари поймол қилинишидан қочаётган одамлардан юз ўгирамиз, деб ким ўйларди дейсиз? 

Афсуски, менимча, кўплаб азият чекаётганларни ўз тирикчиликларига таҳдид солиши мумкин бўлган "бегоналар" сифатида кўришмоқда, чунки бу ерда кўпчилик тобора ёмонлашиб бораётган иқтисодий вазият билан курашмоқда. 

Сўнгги ўн йилликда Африкадаги инқирозлар эътиборни жалб қилишга қийналмоқда. Сомали даҳшатли қурғоқчиликка дуч келганини қанча одам билади? 

Ёки Конго Демократик Республикасини шафқатсиз тўқнашувлар вайрон қилаётганини-чи? Бугунги кунда Африка қитъаси кўпинча қораланади, чунки у ерда гуманитар инқирозлар оддий ҳол деган зарарли стереотиплар авж олган. 

Ирқчилик ва онгсиз (ёки онгли) нотўғри тасаввурлар билан дастакланган бундай асоссиз қарашлар Ғарб одамлари учун Африкадаги муаммоларни эътиборсиз қолдиришни осонлаштирди. 

Аслида, биз ушбу инқироздан азият чеккан бошқа оилаларга ғамхўрлик қилиш йўлида энг кўп ҳаракат қилаётганлар суданликларнинг ўзлари эканлигини кўрдик. Маҳаллий жамоалар ички кўчирилганларни ўз уйларида кутиб олишди ва озиқ-овқатларини баҳам кўришди. Маҳаллий жамоат ошхоналари ва ёшлар бошчилигидаги гуруҳлар шу пайтгача гуманитар ёрдамнинг асосий таянчи бўлиб хизмат қилди, аммо улар инқирознинг кўлами туфайли қийинчиликларга дуч келишмоқда. 

Сиёсий ечимлар 

Қитъадан ташқаридаги глобал кучлар БМТ қурол эмбаргосини эътиборсиз қолдириб, Судандаги каби инқирозларни авж олдирмоқда. Бу масалага эътиборсизлик жуда катта зарар олиб келади, зеро одамлар камроқ қайғурса, сиёсий ҳаракатларга нисбатан босим ҳам шунча камаяди. Энг муҳими, инсонпарварлик ёрдами ҳеч қачон етарли бўлмайди – шу боис сиёсий ва дипломатик ечимлар зарур. 

Жамоатчилик тушунчаси ва хабардорликнинг етишмаслиги инқирозга салбий таъсир кўрсатди. "Британия Исломий ёрдам ташкилоти" ва "Саванта" хизмати ўтказган сўровга кўра, Британиядаги катта ёшдагиларнинг 70 фоизи Судандаги ҳозирги инқироз ҳақида ҳеч нарсани билмайди. 

Ниҳоят, Судан можаросининг жорий даври унинг зиёнига ишлади, чунки айни пайтда дунёнинг бор диққати Ғазосидаги даҳшатли инқирозга қаратилган. 2023 йил октябрдан бери Ғазо янгиликлар хизмати хорижий бўлимларининг сарлавҳаларида ҳукмронлик қилмоқда ва бу асосли. 

Мазкур ҳудудда кўраётганларимиз ғоят фожиали, чунки Исроил ҳарбий кучлари Фаластин халқига нисбатан шафқатсизлик устига шафқатсизлик содир этмоқда. Бу Ғазо камроқ ёритилиши керак дегани эмас. Ғазо аҳолиси мисли кўрилмаган инқирозга дуч келмоқда, аммо ҳамон ўт очишни тўхтатишга ҳаракат қилинаётгани йўқ. Ахборот агентликлари фаластинликларнинг азоб-уқубатлари тугамасидан вайронагарчилик ҳақида хабар беришни тўхтатмаслиги керак. 

Глобал янгиликлар кун тартиби кўпинча бир вақтнинг ўзида бир нечта гуманитар воқеаларни ёритишга қийналади. 2000 йилларга назар солсак, Суданнинг Дарфур минтақасидаги инқироз катта янгилик эди, Конго Демократик Республикасидаги воқеалар эса эътибордан четда қолганди. 

2010 йилларда Сурия ва Ливандаги можаролар ҳақидаги хабарлар вақти-вақти билан газеталарда пайдо бўлди, аммо Ямандаги инқироз унутиб қўйилди. Афсуски, бу йил Ғазо, Украина ва Ливандаги можаролар туфайли Судан эътибор рўйхатидан пастга тушиб кетди. 

Келгуси йилда бутун дунёдаги ҳукуматлар ва ахборот агентликлари Судандаги воқеаларга эътибор қаратишлари ва суданликларнинг ҳикояларига муносиб эътибор беришнинг янги усулларини ўйлашлари керак. 

Халқаро журналистиканинг роли жуда муҳим ва қўллаб-қувватланиши лозим, зеро, юқори сифатли репортажлар ҳукуматларнинг Судан инқирозини ҳал этиш учун  дипломатик ва гуманитар ечимлар билан ҳаракатга келиши ёки келмаслигини ҳал қилувчи омил бўлиши мумкин.

 

Туфаил Ҳусайн, Британия Исломий ёрдам ташкилоти директори

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.