25.06.2024 10:35
Доғистондаги қуролли ҳужум: ҳалок бўлганларнинг аксарияти мусулмонлар
Доғистонда содир этилган қуролли ҳужумларда ҳалок бўлганлар ва яраланганларнинг аксарияти мусулмонлардир.
Baza телеграм-канали маълумотларига кўра, қуролли ҳужумда камида беш нафар тинч аҳоли вакили жароҳат олган. Доғистон раҳбари Сергей Меликов эса ҳужумни қайтаришда 15 дан ортиқ хавфсизлик ходимлари, "Дагестанские Огни" шаҳри полиция бўлими бошлиғи Мавлуддин Хидирнабиев ҳалок бўлганини билдирди.
Шунингдек, қурбонлар орасида Дербентдаги черков бош руҳонийси, протоиерей Николай Котелников ва черков қўриқчиси ҳам бор.
Миллий аксилтеррорчилик қўмитаси амалиёт давомида черков, синагог ҳамда полиция постларига ҳужум қилган беш нафар қуролли шахс ўлдирилганини маълум қилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, қуролли ҳужум Сергокалин тумани раҳбари Магомед Умаровнинг икки ўғли ва жияни иштирокидаги гуруҳ томонидан амалга оширилган. Сўроқ пайтида собиқ амалдор қариндошларидан воз кечганини ва оиласида ҳеч ким уларни қўллаб-қувватламаганини билдирган. У аллақачон ўз хоҳишига кўра лавозимидан кетиш ҳақида ариза ёзган.
Рус православ черкови раҳбари патриарх Кирилл Доғистондаги фожиани Россия душманларининг мамлакатдаги динлараро бағрикенгликни йўқ қилишга уриниши деб атаган.