23.06.2024 22:58
Доғистонда қуролли шахслар синагогага ҳужум қилди. Полициячилар ҳалок бўлди
23 июнь куни кечқурун Доғистоннинг Махачқалъа ва Дербент шаҳарларида номаълум шахслар синагога ва черковга ҳужум қилди. Бу ҳақда биринчилардан бўлиб Baza Telegram-канали хабар берди.
Қайд этилишича, Дербентдаги проваслав черкови ҳудудида ўқ овози эшитилиб, тутун кўтарила бошлаган. Айни пайтда шаҳар полицияси оёққа турган.
Доғистон ички ишлар вазирлиги ҳам номаълум шахслар Дербентдаги православ черкови ва маҳаллий синагога автомат қуроллари билан ўқ узганини билдирган.
“Дербентда номаълум шахслар синагога ва черковга автомат қуроллардан ўқ узган. Дастлабки маълумотларга кўра, бир полициячи ҳалок бўлган, бир нафари яраланган. Гумонланувчилар қочиб кетган машина оқ рангли Volkswagen Polo экани аниқланди”, – дейилади бу ҳақдаги дастлабки хабарда.
Кўп ўтмай рус Telegram-каналларида ўққа тутилган полиция машиналари, шунингдек ёнаётган черков тасвирлари тарқалди.
Дербентга ҳужум билан деярли бир вақтда Махачқалъадаги Ермошкин кўчасидаги синагогада ёнғин содир бўлганлиги маълум бўлди. Воқеа жойидан олинган видеода синагоганинг учинчи қаватидаги деразаларидан тутун чиқаётгани акс этган.
Шундан сўнг Доғистон ички ишлар вазирлиги номаълум шахслар Дербент билан бир қаторда пойтахтга ҳам ҳужум қилганини тасдиқлади.
Қўшимча қилишича, қора кийимдаги қуролли шахслар Махачқалъадаги полиция постини ҳам ўққа тутган. Тарқалган видеоларда уларнинг полиция машиналарига қарата автоматдан ўқ узаётганини кўриш мумкин.
Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужумчилар билан отишмада олти полициячи ҳалок бўлган, яна 12 киши яраланган. Доғистон ИИВ камида иккита жангчи ўлдирилганини маълум қилган.
Ижтимоий тармоқларда ҳалок бўлган жангчиларнинг жасадлари акс этган видеолар жойлаштирилмоқда. Шунингдек, Махачқалъадаги пляжда уларга алоқадор шахсларнинг ҳибсга олинганлиги ҳақидаги тасвирлар ҳам мавжуд.
Доғистонда террорчиликка қарши операция режими жорий этилгани эълон қилинган.
Кутилмаганда Mash Telegram-канали Махачқалъадаги православ черковида 40 киши гаровга олингани ҳақида ёзди. Расмийлар эса буни рад этган.
Доғистон раҳбари Сергей Меликов фуқароларни хотиржамликка чақирган.
"Бугун кечқурун Дербент ва Махачқалъада жангарилар мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга уринишган. Доғистон полицияси эса уларга қарши хавфсизлик чораларини кўряпти. Дастлабки маълумотларга кўра, ходимлар орасида жабрланганлар ҳам бор. Ҳужумчиларнинг шахси аниқланмоқда", – деб ёзган у ўз саҳифасида.
Россия федерацияси тергов қўмитаси аллақачон "террорчилик ҳаракати" (РФ Жиноят кодексининг 205-моддаси) бўйича жиноий иш қўзғатган.
"Содир бўлган воқеанинг барча ҳолатлари ва террорчилик ҳужумларига алоқадор шахслар топилади, уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади", – дейилади қўмита хабарида.