Дэвид Кэмероннинг Марказий Осиёга ҳашаматли самолётда сафари танқид қилинмоқда
Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Марказий Осиё бўйлаб сафари учун 42 миллион фунт стерлинг турадиган ҳашаматли бизнес-жет ижарага олгани учун танқид қилинди, деб ёзади Mirror нашри.
Ўтган
ҳафта Кэмерон Embraer Lineage 1000 самолётида Тожикистон, Қирғизистон,
Ўзбекистон, Туркманистон ва Қозоғистонга беш кунлик ташриф билан борди. Шунингдек,
у Мўғулистонда ҳам тўхтади.
“Тушунаманки,
Дэвид Кэмерон бир ҳафта давомида бир неча мамлакатларга ташриф буюриш учун
самолёт ижарага олган бўлиши мумкин, аммо бу бозордаги энг ҳашаматли хусусий
рейслардан бирига солиқ тўловчиларнинг юз минглаб фунтларини сарфлашни
оқламайди", деб ёзди
мухолифатдаги бош прокурор (Shadow Attorney General) Эмили Торнбери ўзининг Х ижтимоий
тармоғидаги саҳифасида.
Ташриф арафасида, жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Британия бизнеси учун сармоявий имкониятларни кенгайтириш ниятида экани маълум қилинди.
Ташқи ишлар вазирлиги танқидларга жавоб бериб, "ушбу ҳолатда бу Бирлашган Қироллик манфаатларини таъминлашнинг энг самарали усули бўлганини таъкидлади. Ташрифлар тўғрисидаги барча қарорларда нарх ва сифат мутаносиблиги ҳисобга олинади, харажатлар эса одатда шаффофлик нуқтаи назаридан эълон қилинади”.
Ўтган
йили Британиянинг собиқ ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли Кариб денгизи ва
Лотин Америкаси бўйлаб саккиз кунлик сафари учун худди шу турдаги самолётдан
фойдалангани учун танқид қилинган эди. Сафар якунлари бўйича ТИВга тахминан 348
000 фунт стерлинг миқдоридаги ҳисоб қоғози тақдим этилган.
Бош вазир
Риши Сунак ҳам ОАВда Буюк Британия бўйлаб қисқа масофаларга самолётда боргани
учун тез-тез танқид қилинади.