Бу "Нетаняху уруши" эмас, бу Исроилнинг геноциди
Фаластинда биз гувоҳ бўлаётган фалокатни битта бадбахт раҳбарга юклаб қўйиш тўғри эмас! Халқим бошига тушган бу мусибатларда фақат Исроил бош вазири айбдор эмас. Бугун Исроил бомбалари Ғазонинг ҳар бир бурчагини вайрон қилаётганига, вайроналар остида болалар ҳалок бўлаётганига фақат уни айбламаган бўлардим. Мен 2013 йилда, Ғазода халқимнинг қирғин қилинаётганини хабарларда эшитганимда ҳам фақат уни айбламадим.
Мен, оилам ва халқим яхши биламизки, бугун биз Фаластинда гувоҳ бўлаётган нарса "Нетаняхунинг уруши" эмас. Бу одам узлуксиз ишлайдиган уруш машинаси – Исроилнинг яна бир "мурвати" холос.
Youtube: Бу "Нетаняху уруши" эмас, бу Исроилнинг геноцидиАгар сиз Фаластин ҳуқуқлари ва Қўшма Штатлардаги илғор инсонпарварлик ғоялари ҳимоячиси бўлган сенаторлар Берни Сандерс ёки Элизабет Уорренга қулоқ тутсангиз, Фаластин тупроқларида сўнгги 75 йил буён содир бўлаётган ҳамма нарсага айбдор деб фақат битта одамни кўрсатишади, бугун у Нетаняху.
Сандерс исроилнинг Ғазога қарши давом этаётган ҳужумини "Нетаняху уруши" деб атаб, АҚШдан "Нетаняхуга бошқа пул бермасликни" талаб қилмоқда. Айни пайтда, Уоррен ўт очишни тўхтатишга чақирар экан, "Нетаняхунинг муваффақиятсиз бошқарувини" қоралади.
Бу илғор сенаторлар Фаластиндаги барча оғриқ ва азоб-уқубатларнинг сабабичисини аниқлаб бўлишган: ўта ўнгчи, ўлаксахўр бош вазир можарони давом эттиришга интилади, негаки бу унинг ҳокимиятини сақлаб қолишга ёрдам беради.
Албатта, Нетаняху ёвуз. Албатта, у узоқ фаолияти давомида фаластинликлар ва инсониятга қарши сон-саноқсиз жиноятлар қилди. Албатта, у қисман ўзининг сиёсий фаолиятини сақлаб қолиш учун Ғазодаги қирғинни кучайтиришда давом этмоқда. Табиийки, у халқимиз бошига азоб-уқубат солган гаплари ва қилмишлари учун жавоб бериши шарт. Аммо бугунги кунда Ғазода ва босиб олинган Фаластин ҳудудида намоён бўлаётган ирқчилик, экстремизм ва геноцид қасдига фақатгина Нетаняхунинг ўзини айблаб бўлмайди.
Исроилнинг инсон ҳуқуқларини очиқдан-очиқ поймол этиши, халқаро ҳуқуқни менсимаслиги ва ошкора уруш жиноятларига қўл уришида фақат Нетаняхуни айблаш Сандерс ва Уоррен каби либераллар учун қарши курашиш механизмидан бошқа нарса эмас.
Улар Фаластин халқи дучор бўлган ҳамда бўлаётган зулм ва мусибатлар сабабчиси сифатида Нетаняхуни кўрсатиш билан «Исроил давлати этник тозалаш эмас, балки илғор ғоялар асосида бунёд бўлган», деган ёлғонни кенг ёйишга хизмат қилмоқдалар.
Нетаняхуни айблаш орқали гўё «Исроил ўзи халқаро гуманитар қонунларни ҳурмат қиладиган давлат, аммо ҳозирда ёмон раҳбар томонидан бошқарилараётгани учун шундай ишлар содир бўлмоқда», деб кўрсатиш билан улар ўзларини ва умуман АҚШни Исроилнинг кўплаб уруш жиноятларига шерикликдан соқит қилмоқдалар.
Албатта, Сандерс, Уоррен ва бу тушунчани олға сураётганлар яхши билишади, Нетаняху кетганидан кейин ҳам Исроил-Фаластин "можароси" сеҳрли тарзда йўқолиб қолмайди, фаластинликлар ҳам шу ондаёқ озодлик ва адолатга эришиб қолмайдилар.
Ахир, улар бир неча йил олдин АҚШда шунга ўхшаш сценарийни кўришган. Одамлар, агар Трамп Оқ уйдан четлатилса, у кўтарган ва провокация қилган муаммолар барҳам топишини айтишганди. Америка демократияси сақланиб қолади, ҳаммаси рисоласига қайтади дейилган эди.
Кейин нима бўлди? Трамп президентлиги якунланганига ҳам деярли тўрт йил бўлди, лекин биз ҳали ҳам мамлакат бўйлаб ирқчилик, тенгсизлик, қурол зўравонлиги ва қашшоқлик авж олиб турганини яққол кўриб турибмиз.
Бу муаммолар Трамп президентлигидан кейин мўъжизавий тарзда тузалиб қолмади, чунки уларни Трампнинг ўзи яратмаган эди. Бу "Трамп" муаммолари эмас, балки Америка муаммолари эди. Бундан ташқари, Трампнинг келаси йили Оқ уйга қайтиши учун реал имконият мавжуд, чунки миллионлаб америкаликлар уни ва сиёсатини фаол қўллаб-қувватламоқда.
Худди шу нарса Нетаняху ва Исроилга ҳам тегишли. Нетаняху Исроилнинг илғор, демократик асосларига хиёнат қилди ва бугун биз Ғазода гувоҳ бўлаётган "инсонпарварлик фалокатига" сабаб бўлди деган фикр, кўчманчилар мустамлакаси сифатида Исроилга хос бўлган тизимли зулмни эътибордан четда қолдиради.
Сандерс ва бошқалар Исроил моҳиятан социалистик асосларга эга, ерсиз халқ томонидан “халқсиз ер”да қурилган деган сионистик афсонага ишонишни исташлари мумкин. Аммо улар Фаластин ҳеч қачон "халқсиз ҳудуд" бўлмагани ҳақидаги фактни инкор қилолмайдилар. Дарҳақиқат, Исроилнинг барпо этилиши билан у ернинг туб аҳолиси бўлган юз минглаб фаластинликлар ҳайдаб чиқарилди, Исроилнинг "яҳудий миллати" сифатида омон қолиши эса унинг "Миллий давлат тўғрисида"ги қонунида таъкидланганидек, доимий зулм, фаластинликлар ҳуқуқларини суиистеъмол қилишни тақозо этади.
Бугунги кунда миллионлаб фаластинликлар Исроил зулми остида яшамоқда, минглаб одамлар ҳаётдан кўз юмяпти. Қолаверса, улар апартеидга ҳам дучор бўлмоқда.
Бу асоссиз ва адолатсиз фаолиятни Нетаняху ва унинг ҳукумати яратишга қодир эмас.
Исроил давлати бошиданоқ ўзининг узоқ муддат яшашини Фаластинни этник тозалаш, «фаластинлик» деган кимликни бутунлай йўқ қилиш ва ўз ерларида қолган фаластинликларга зулм қилиш эвазига боғлаганди. Исроилнинг собиқ бош вазири Голда Меир "Вашингтон Пост" газетасида 1969 йилда – Нетаняху ҳукмронлиги бошланишидан ўн йиллар олдин "Фаластинликлар деган нарса йўқ" деб ёзган эди.
Албатта, исроиллик сўллар ўзларининг қишлоқ хўжалигига асосланган жамоавий яшаш тарзини социалистик орзу сифатида тарғиб қилишади, кўплаб исроилликлар ўз мамлакатларидаги "демократия" билан фахрланадилар. Аммо буни эътироф этиш учун, аввало бундай социалистик гуруҳларни яратиш мақсадида ўз ерларидан суриб чиқарилган ва тўлиқ Исроил назорати остида яшаётганига қарамай, унинг демократиясидан баҳраманд бўла олмайдиган фаластинликларнинг ҳам инсон эканини инкор этишингизга тўғри келади.
Ғазода геноцид бошланишидан аввал исроилликлар бир неча ой давомида Нетаняхунинг мамлакат ҳуқуқий тизими ва демократиясига етказган зарарига қарши оммавий норозилик билдиришганди. Аммо, айнан шу одамлар фаластинликлар ўлдириб ёки таҳқирлаб, ерларини ўз давлати ва ҳарбийлари босиб олишига қарши ҳеч қандай норозилик билдирмадилар, лом мим демадилар ҳам.
Ноябр ойида, геноциднинг янги тўлқини бошланганига тўлиқ бир ой бўлганида, исроилликларнинг атиги 1,8 фоизи Исроил ҳарбийлари Ғазода қурол кучидан фойдаланаётганига ишонишларини айтган эдилар ва энди, геноциддан беш ой ўтгач, исроилликларнинг тахминан 40 фоизи Ғазодаги яҳудий аҳоли пунктлари тикланишини кўришни истамасликларини билдиришди.
Афтидан, минглаб нобуд бўлган ёки майиб бўлган фаластинликларнинг суратлари исроилликлар учун унчалик ҳам аҳамиятли эмас.
Болаларининг жасади қолдиқларини полиэтилен пакетларга солиб кўтариб кетаётган оталар, ўлдирилган гўдакларининг қонга беланган жасадларини кўриб йиғлаётган оналарнинг видеолари уларни сира таъсирлантирмайди.
Улар вайроналар остида қолиб кетган оч наҳор болалар ёки уруш оқибатида юзага келган очарчилик маҳали мажбурликдан қуш гўнги еб заҳарланган ёш болалар ҳақида қайғурмайди.
Улар ҳарбийларнинг бегуноҳ одамларга етказаётган мусибатларига шунчаки бефарқ бўлибгина қолмай, очарчилик ёқасида турган фаластинликларга ёрдам етиб бормаслиги учун чегара дарвозалари олдида норозилик билдиришмоқда.
Уларнинг аксарияти бир йил олдин Нетаняхунинг демократияга қилган ҳужумига қарши норозилик билдириш учун кўчаларга чиққан исроилликлар эди...
Шундай қилиб, биз бугун Фаластинда гувоҳ бўлаётганимиз инсоний фалокат Сандерс ва Уоррен қатъий даъво қилганидек, "Нетаняху уруши" эмас. Бу геноцид Нетаняхунинг ҳокимият тепасига келиши билан бошланмаган ва унинг ҳукмронликдан кетиши билан тугамайди.
Нетаняху Исроил сиёсатида ўз ўрнига эга бўлишидан анча олдин кўчманчилар фаластинликларни ўз ерлари, уйлари ва ҳаётидан маҳрум қилишни бошлаган эди. Фаластинликлар у бош вазир бўлишидан анча олдин очиқ қамоқхоналарда яшашга мажбур этилганди.
Муаммо Нетаняхуда ёки бошқа бир исроиллик сиёсатчи ё генералда эмас.
Муаммо Исроил ишғолининг ўзида.
Муаммо ўз хавфсизлиги ва ҳаётини апартеид тизимига ҳамда туб ерли аҳолини қатағон қилиш асосига қурган кўчманчилар мустамлакасидадир.
Бу Нетаняху уруши эмас, бу – Исроил геноциди!
Аҳмад Ибсайс,
Америкада яшовчи фаластинлик,
ҳуқуқшунос