05.08.2024 07:39

Британияда мусулмонлар ва қора танлиларга қарши погромлар уюштирилди

Британия бош вазири Кей Стармер бутун мамлакат бўйлаб мусулмонлар ва қора танлиларга қарши погромлар уюштирган "ўта ўнг қанот безорилар" тезда жавобгарликка тортилишига ваъда берди. Британ ҳукумати раҳбарининг айтишича, барча ақлли одамлар зўравонликни қоралаши керак.

"Мен шуни билишингизни хоҳлайманки, бу зўравон оломон бизнинг мамлакатимиз вакили эмас ва биз уларни жавобгарликка тортамиз", - деди Стармер погромларнинг потенциал қурбонларига телемурожаатида.

Якшанба куни ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида ўта ўнгчи намойишчилар оломон томонидан қора танли ўткинчиларни калтаклангани ва қирғин қилингани акс этган янги видеолар тарқалди. Намойишчилар тартибсизликлардан фойдаланиб, Британия бўйлаб дўконларни ҳам талон-тарож қилишди.

Ҳукумат нафақат тартибсизликларни, балки “Интернет муҳитини қиздириб, кейин яширинганларни” ҳам жавобгарликка тортишга ваъда берди.

Собиқ консерватив бош вазир Риши Сунак ҳам тартибсизликларни қоралади: “Британия кўчаларида биз кўраётган ҳайратланарли манзараларнинг Саутпортдаги фожиага ҳеч қандай алоқаси йўқ. [...] Полиция бу жиноятчилар билан тезда курашиш учун бизни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва улар қонуннинг тўлиқ оғирлигига дуч келишлари керак".

Ички ишлар вазири Иветте Купер “маҳаллий масжидларга уюштирилган шармандали таҳдидлар ва ҳужумлар туфайли” уларни кўпроқ ҳимоя қилиш учун 29,4 миллион фунт стерлинг маблағ ажратишга ваъда берди: погром хавфи остидаги масжидларга қўшимча хавфсизлик ходимлари таклиф қилиниши мумкин.

Tell Mama таҳлилига кўра, жами 10 та масжид, жумладан Саутпорт, Ливерпул ва Хартлпулдаги исломий ибодатхоналарга ҳужум уюштирилган ёки таҳдид қилинган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта бошида мусулмонлар ва қора танлиларга қарши бошланган погромлар якшанба куни бутун мамлакат бўйлаб тарқалди. Зўравонликлар Саутпортдаги болалар рақс синфига пичоқли ҳужум уч қизчанинг ўлимига сабаб бўлганидан кейин авж олди. Гумонланувчи Руандалик оилада туғилган 17 ёшли Аксел Рудакубана бўлиб чиқди.

Руанда мусулмон давлати эмаслиги ва гумонланувчи Аксел Рудакубана ноқонуний муҳожир бўлмаганига қарамай, ўта ўнг каналларда ҳужумчи гўёки ислом динига эътиқод қилгани ва мамлакатда ноқонуний яшаётгани ҳақида дезинформациялар тарқалди. Бир қатор ўта ўнгчи нашрлар ҳатто 17 ёшли гумонланувчи учун “Али Ал-Шакати” исломий исмини ҳам ўйлаб топишган. Бу ижтимоий тармоқларда исломофобик кайфиятнинг тез ўсишига ва ундан кейинги погромларга олиб келди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.