08.04.2024 13:30

Бомбаланаётган Ғазо: 185-куннинг асосий воқеалари

Исроил Ғазо секторида босқинчилик ва қирғинбарот урушини бошлаганига 185 кун бўлди. 24 соат давомида Ғазо сектори, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ҳамда бутун Яқин Шарқ ҳудудида содир бўлган асосий воқеалар.

▪️ Босқинчилар Шужая, Нусейрат ва Рафаҳ лагерларига ҳужум қилди. Кун давомида 38 киши шаҳид бўлди, 71 киши яраланди.

▪️ Уруш давомида жами 33175 фаластинлик ҳалок бўлди, 75886 нафари яраланди.

▪️ Ғарбий Соҳилда босқинчилар Халил (Хеврон) шаҳрига бостириб кирди, у ерда 23 нафар фаластинлик ҳибсга олинди. Наблусда қаршилик жангчилари Балат лагерига бостириб киришни истаган босқинчилар билан жангга киришди.

▪️ Исроил авиацияси Ливан жанубидаги Султония шаҳрига ҳужум қилди, 3 киши ҳалок бўлди.

▪️ Олти ойлик уруш давомида илк бор бир кунда 322 та гуманитар юк машинаси Мисрдан Ғазога кирди.

▪️ Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати делегацияси Миср разведкаси раҳбари Аббос Комил билан Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва Исроил билан асирларни алмашиш масаласини Қоҳирада муҳокама қилди.

▪️ БМТ Хавфсизлик Кенгаши бугун Фаластиннинг БМТга аъзо давлат бўлиш ҳақидаги илтимосини кўриб чиқиш учун йиғилади. Россиянинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Дмитрий Полянский: “Албатта, биз Фаластин имкон қадар тезроқ БМТ аъзолиги мақомини олишини таъкидлаймиз”, - деди.

▪️ 600 нафар немис давлат хизматчиси канцлер Олаф Шолцга “Исроил ҳукуматига қурол етказиб беришни зудлик билан тўхтатиш” чақириғи билан мурожаат қилди.

▪️ Халқаро суд Никарагуа томонидан Германия Исроилнинг Ғазодаги урушини қўллаб-қувватлагани тўғрисида очилган иш бўйича икки кунлик очиқ эшитувларни бошлайди.

▪️ Globes: Туркия Исроилга экспортни яширинча блокламоқда. Ўтган ҳафта давомида Исроилга маҳсулот экспорт қилаётган турк компаниялари Туркия божхона сайтида экспорт божларини тўлай олмай қолган. Мавжуд вазият туфайли Исроил ва Туркия портлари ўртасидаги савдо йўлларига хизмат кўрсатувчи юк кемалари ҳам денгизга чиқа олмаяпти.

 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.