27.06.2024 12:48

Боливияда ҳарбийлар давлат тўнтариши уюштирмоқчи бўлди

Кеча, 26 июнь куни Боливияда ҳарбийлар давлат тўнтариши ташкил этишга уринди. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.

Маълум бўлишича, Боливия армияси қўмондони, генерал Хуан Хосе Сунига бошчилигидаги бир гуруҳ ҳарбийлар мамлакат раҳбариятига қарши исён кўтарган. Ҳарбийлар қисқа муддатда президент саройи ва пойтахтнинг муҳим стратегик ва мудофаа объектларини эгаллаб олишга уринган.

Боливия президенти Луис Арсе халқни демократияни ҳимоя қилиш учун “уюшиш ва ҳаракатга келишга” чақирган. Пойтахт Ла-Пасдаги ҳукумат биноларини ўраб олган исёнчи аскарлар ва зирҳли ҳарбий машиналар йўлини тўсишга, уларни ҳаракатдан тўхтатишга чақирган.

Қайд этилишича, исёнчи аскарлар миллий ижроия ва қонун чиқарувчи идоралар жойлашган Мурилло Плаза марказий майдонида асосий кучларини тўплаган. Кейинчалик айнан ушбу майдондан юборилган зирҳли машиналар президент саройига киришга уринган.

Мамлакат раҳбари мурожаати билан тинч аҳоли ҳарбийларга қарши норозилик билдириб кўчага чиққан. Пойтахтнинг марказий нуқталарида ҳарбийлар ва тинч аҳоли ўртасида тўқнашувлар келиб чиққан.

Шундан сўнг исёнчи ҳарбийлар орасида келишмовчилик чиқиб, халқ билан қарама-қарши бўлишни истамаган армия гуруҳлари ўз позицияларини тарк этган.

Боливия махсус операцион кучлари ҳали исён давом этаётган бир пайтда ғалаён ташкилотчиларини ҳибсга олиш учун операция бошлаган. Тадбир ўта муваффақиятли ташкил этилиб, тўнтариш ташкилотчиси, олдинроқ қўмондонликдан бўшатилган Хуан Хосе Сунига ҳибсга олинган.



Қўлга олинишидан олдин эълон қилган сўнгги мурожаатида Сунига исён мақсади демократияни тиклаш, мамлакатни қутқариш эканлигини айтган. Амалдаги ҳукуматни лаёқатсизликда айблаган. Сиёсий маҳбусларни озод қилишга ваъда берган.

Исён давом этаётган бир пайтда Боливия армиясининг янги тайинланган генерали Хосе Санчез барча қуролли гуруҳларга ҳаракатни тўхтатишни буюрган. Раҳбари қўлга олинган исёнчилар буйруққа бўйсуниб, шаҳар марказини тарк этган.

Боливияда давлат тўнтаришига муваффақиятсиз уринишдан сўнг уч нафар ҳарбий раҳбар қўлга олингани таадиқланган. Улар орасида генерал Хуан Хосе Сунигадан ташқари ҳарбий-ҳаво кучлари генерали Марсело Хавьер Сегарра ва вице-адмирал Хуан Арнес Салвадор ҳам бор. 

Боливия Бош прокуратураси Сунигага қарши тергов ҳаракатлари бошланганини маълум қилди. Давлат тўнтариши уюштиришга алоқадор бўлганларни ҳам аниқлаш ишлари давом этмоқда.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.