БМТ: Украинадаги урушда 10382 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлди
БМТ бош котибининг сиёсий ва тинчлик ўрнатиш масалалари бўйича ўринбосари Розмари ДиКарлонинг маълум қилишича, Россия-Украина можаросининг биринчи кунидан буён 10382 киши ҳалок бўлган, 19659 киши яраланган, дея хабар бермоқда Anadolu.
ДиКарло
Украинанинг Луганск вилоятида Россия назоратидаги Лисичанск шаҳрига 28 кишининг
ҳаётига зомин бўлган ҳужумдан кейин Москва бошқаруви талаби билан йиғилган БМТ
Хавфсизлик Кенгашида нутқ сўзлади.
Унинг таъкидлашича, сўнгги бир неча ҳафта ичида Россиянинг
Украина назорати остидаги ҳудудларга ҳужумлари кучайган.
“Ўтган ҳафтада зўравонликлар сезиларли даражада ошди,
айниқса Запорожье
вилоятида 570 дан ортиқ аҳоли пунктларига ҳужум қилинди. Ҳужумларда 12 нафар
тинч аҳоли ҳалок бўлди, 60 нафари яраланди”, — деди ДиКарло.
ДиКарло БМТ инсон
ҳуқуқлари бўйича олий
комиссари маълумотларига таяниб, 2022 йил февраль ойида уруш бошланганидан буён
Украинада 10382 киши, жумладан 579 нафари болалар ҳалок бўлганини, яна 19659
киши, жумладан 1285 нафар бола
жароҳатланганини таъкидлади.
Бош котиб ўринбосарининг таъкидлашича, декабрь ойидан бери
Украинада тинч аҳоли қурбонлари сони “яна сезиларли даражада кўпая бошлаган”.
“Тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасига ҳужумлар қаерда
содир бўлишидан қатъи назар, халқаро ҳуқуққа зид эканлигини яна бир бор
таъкидлашим керак. Бу қабул қилиниши мумкин эмас ва дарҳол тўхтатилиши лозим", – деди у.
ДиКарлонинг айтишича, миллионлаб украиналикларнинг ўз мамлакатини тарк этишларига олиб келган можаронинг
"охири яқин эканлигидан ҳозирча
дарак йўқ".