БМТ: Ғазо 2022 йилги ЯИМни 2092 йилгача тиклаши мумкин
Ғазо ўз ялпи ички маҳсулотини ҳатто жанговар ҳаракатлар тўхтаб, охирги 0,4 фоизлик ўсиш суръатига қайтганидан кейин ҳам 2092 йилга келибгина 2022 йилги ЯИМ даражасига етиши мумкин. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Савдо ва Тараққиёт Конференцияси (ЮНКТАД) ҳисоботида бу ҳақда сўз боради.
“Ғазо мисли кўрилмаган даражада вайронагарчиликни бошдан кечирмоқда, уни қайта тиклаш учун ўнлаб йиллар ва миллиардлаб доллар керак бўлади”, ‑ дейилади хабарда.
ЮНКТАД маълумотларига кўра, 2023 йилда Ғазо иқтисодиёти 24 фоизга қисқариб, 1994 йилги даражага тушган. 2023 йил учинчи чораги охирига келиб Ғазода ишсизлик 45,1 фоизга етган. Халқаро меҳнат ташкилоти ҳисоб‑китобларига кўра, урушгача даражага солиштирилганида, 61 фоиз иш ўринлари йўқотилган, бу 182 минг иш ўрни демакдир. 2023 йил декабрига келиб эса ишсизлик даражаси 79,3 фоизга етган.
Қайд этилишича, Исроил Ғазо секторида 2008, 2012, 2014, 2021, 2022, 2023 йил май ва 2023 йил октябрь ойларидан ҳозирга қадар бир неча ҳарбий амалиётлар ўтказган. Амалиётлар натижасида аҳолининг ички кўчиши ҳамда инфратузилма, турар-жой бинолари, асосий ва ишлаб чиқариш фондлари, шу жумладан қишлоқ хўжалиги объектлари, ер, экинлар, чорвачилик фермалари, иссиқхоналар, мевали дарахтлар, омборлар, қайиқлар, балиқчилик ускуналари, агробизнес, ирригация каналлари, сув насос тизимлари, электр тармоқлари, интернет тармоқлари, фабрикалар, маъмурий бинолар, турар-жой бинолари, таълим муассасалари ва тиббиёт марказлари вайрон бўлди.