01.03.2024 10:33

БМТ учун “даҳшат”, АҚШ учун “жиддий ҳодиса”, Исроил учун эса “таҳдид ва талончилик”

Куни кеча Исроилнинг Ғазо секторида инсонпарварлик ёрдамини кутаётган фаластинликларга ҳужумқилиши натижасида энг камида 112 киши ҳалок бўлди, 760 киши жароҳатланди. Ҳодиса бутун дунёда кескин норозиликларга сабаб бўлмоқда, турли халқаро ташкилотлар, ҳукуматлар ўз муносабатини билдирмоқда. Azon Global уларнинг айримларини бир жойга жамлади.

БМТ

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) бош котиби Антонио Гутерриш Ғазо секторида исроилликлар ёрдам кутаётган 100 дан ортиқ тинч аҳолини ўлдирган ҳужумни қоралаб, Ғазодаги қурбонлар сони 30 мингдан ошгани, 70 мингдан ортиқ жароҳатлангани ва вайроналар остида қолиб кетган номаълумлар сонидан "даҳшатга тушгани" таъкидлади.

Гутерриш Ғазонинг барча ҳудудларига зудлик билан гуманитар ёрдам етказиб бериш учун каналлар очиш зарурлигини қайд этди.

БМТ бош котибининг Инсонпарварлик масалалари бўйича ўринбосари ва Фавқулодда ёрдам координатори Мартин Гриффитс “Ғазонинг ғарбий қисмига инсонпарварлик ёрдамларининг етказилиши чоғида бугун юзлаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ва яралангани ҳақидаги хабардан ҳайратдаман”, деб ёзди.

"Қарийб беш ойлик шафқатсиз ҳарбий ҳаракатлардан кейин ҳам Ғазо бизни ларзага келтира олмоқда", деб таъкидлаган дипломат Ғазода ҳаёт даҳшатли суръатда ўлиб бораётганини қўшимча қилди.

Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Федерацияси

Халқаро Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой Жамиятлари Федерацияси (IFRC) бош котиби Жаган Чапагаин Исроилнинг Ғазодаги ҳужуми ва ёрдам кутаётган 100 дан ортиқ тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлганидан қайғусини билдирди.

Чапагаин Х ижтимоий тармоғида 100 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган ва юзлаб кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган фожиали воқеа ҳақидаги хабардан чуқур қайғуга тушганини қайд этди. “Бу тинч аҳолининг ночор аҳволини эслатиб туради. Ғазода ҳеч қандай хавфсиз жой йўқ ва қочиш учун бошқа жой йўқ”, деб ёзди у.

Бош котиб барча томонларни халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича ўз мажбуриятларини зудлик билан бажаришга ва тинч аҳолини ҳимоя қилишга чақирди: “Мустаҳкам тинчлик ва барқарорликка бўлган эҳтиёж ҳеч қачон ҳозиргидек кучли бўлмаган”.

Европа Иттифоқи

Европа Иттифоқи ташқи идораси вакили:

“Ғазода ёрдамга муҳтож бўлган тинч аҳолининг навбатдаги қирғини ҳақидаги хабарни эшитиб, даҳшатга тушдим.

Одамларни озиқ-овқат ёрдамидан маҳрум қилиш халқаро гуманитар ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ҳисобланади.

Газога гуманитар ёрдам тўсиқларсиз кириб келишига рухсат берилиши керак”.

Amnesty International

Ғазо секторида ёрдам олишга уринаётган ўнлаб фаластинликлар ҳалок бўлгани ва яралангани ҳақидаги даҳшатли хабарлар юзасидан тергов бошланиши керак.

Исроил халқаро ҳуқуқ ва халқаро суднинг Фаластинликлар геноцидининг олдини олиш бўйича қарорларини бузмоқда.

Бен-Гвирнинг Исроил аскарларини хавф остига қўйгани сабабли "ёрдамни тўхтатиш" ҳақидаги чақириқлари ғайритабиий ва ғайриинсонийдир.

АҚШ

Оқ уй Миллий Хавфсизлик Кенгаши воизи “Анадолу” агентлиги мухбирининг Ғазода гуманитар ёрдам кутаётган Исроил кучлари томонидан ҳалок бўлган тинч аҳоли ҳақидаги саволига ёзма жавоб берди.

“Бу жиддий воқеа ва биз барча тафсилотларни кўриб чиқамиз. Биз бегуноҳ инсонларнинг ҳалок бўлганидан қайғурамиз ва бегуноҳ фаластинликлар ўз оилаларини боқиш учун курашаётган Ғазодаги оғир гуманитар вазиятни тан оламиз. Бу ҳолат Ғазога инсонпарварлик ёрдами оқимини сақлаб қолиш ва кенгайтириш, жумладан, вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш муҳимлигини яна бир бор таъкидлайди”, — дейилади Оқ уй баёнотида.

Туркия

Туркия Ташқи ишлар томонидан берилган ёзма баёнотда Исроилнинг Ғазода ёрдам кутаётган тинч аҳолига қаратилган ҳужумига тўхталди

“Исроил Набулсий майдонида фаластинликларни ўлдириб, инсониятга қарши жиноятларига янги доғ қўшди. Исроилнинг ғазоликларни очликдан ўлишга маҳкум этганидан сўнг, энди ёрдам кутиб навбатда турган бегуноҳ фуқароларга ҳужум қилиши унинг Фаластин халқини қасддан ва ёппасига йўқ қилишга интилаётганини кўрсатади”, - дейилади баёнотда.

“Исроил Ғазодаги ҳарбий амалиётини зудлик билан тўхтатиши керак, аммо Исроил ҳукуматида бу қарорни қабул қилиш учун соғлом ақл ва виждон етишмайди. Ғазодаги таъқиблар минтақадан ташқарида ҳам глобал оқибатларга олиб келадиган фалокатга айланаётганини бутун дунё тушуниши керак. Шу муносабат билан биз Исроил ҳукумати устидан таъсирга эга бўлган барчани Ғазодаги ваҳшийликларни тўхтатишга чақирамиз”.

Франция

Франция президенти Эммануэл Макрон: “Ғазода Исроил аскарлари томонидан тинч аҳолини нишонга олганидан чуқур ғазабдамиз. Мен бу отишмаларни қаттиқ қоралайман ҳамда ҳақиқат, адолат ва халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақираман”.

Миср

Қоҳира Исроил ҳарбийларининг Ғазо секторида гуманитар ёрдам олиш учун навбатда тўпланган одамларни ўққа тутишини қоралади. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилади.

Вазирлик воқеани "уятли ва ғайритабиий факт" деб атади.

Миср ташқи ишлар вазирлиги бундай ҳаракатлар халқаро ҳуқуқ ва инсонпарварлик қадриятлари ҳамда БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларининг очиқдан-очиқ бузилиши эканлигини таъкидлади.

Миср халқаро ҳамжамиятни Исроил Ғазо сектори тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва халқаро қонунларга риоя қилиш бўйича ўз мажбуриятларини бажариши учун унга босим ўтказишга чақирди.

Колумбия

Колумбия президенти Густав Петро Исроил бош вазири Беньямин Нетаняху ғазоликларнинг ўлдирилиши учун шахсан жавобгар эканини маълум қилди.

"Нетаняху озиқ-овқат сўраган 100 дан ортиқ фаластинликни ўлдирди. Бу геноцид деб аталади ва жаҳон кучлари буни тан олишни истамаса ҳам Холокостга ўхшайди", деб ёзди у Х ижтимоий тармоғидаги блогида.

Петронинг қўшимча қилишича, Колумбия Исроилдан барча қурол сотиб олишни тўхтатмоқда.

Исроил

Исроил хавфсизлик кучларидаги манбалар “Анадолу” мухбирига Ғазо секторида гуманитар ёрдам учун навбатнинг ўққа тутилиши билан боғлиқ воқеани изоҳлади.

Исроиллик манбанинг сўзларига кўра, инсонпарварлик ёрдами олиб кетилган юк машиналари ёнидан ўтаётган ҳарбийлар юк машиналарини ўраб турган тўдадан уларга яқинлашиб келаётган одамларни таҳдид сифатида кўрган. Манбалар Исроил аскарлари вазиятга ўт очиш орқали жавоб берганини тан олди.

Агентлик суҳбатдошларининг айтишича, айни пайтда ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Исроил армияси баёнотига кўра, "Ғазоликлар юк машиналарини ўраб олиб, ёрдам воситаларини талон-торож қила бошлаган, баъзилари эса ҳодисадан кейинги талотўп ва тиқилинчда яраланган".

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.