08.06.2024 07:31
БМТ Исроилни "қуролли тўқнашув зоналарида болаларга зарар етказадиган" давлатлар рўйхатига киритди
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Исроилни "қуролли тўқнашув зоналарида болаларга зарар етказадиган" давлатлар ва ташкилотларнинг қора рўйхатига киритишга қарор қилди.
Israel National News хабарига кўра, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Исроилнинг АҚШдаги ҳарбий атташеси генерал Хеди Силберманни ташкилот қарори ҳақида хабардор қилган.
БМТ раҳбари генералга Исроил Россия ва террорчи ташкилотлари ИШИД, Ал-Қоида ва Боко-Ҳарам билан бир рўйхатда бўлишини маълум қилди.
Исроилнинг Гутерришни бундай ҳаракатдан воз кечишга кўндириш уринишлари муваффақиятсизликка учрагани хабар қилинади. Келгуси ҳафта БМТ “қуролли можаро зоналарида болаларга зарар етказувчи” мамлакатлар ва ташкилотларнинг янгиланган қора рўйхатини эълон қилади, улар орасида Исроил ҳам бор.
Тахминларга кўра, рўйхатда Исроил давлатининг номи аниқ тилга олинмайди ва БМТ вазиятда айбдор сифатида "Исроил армияси" ни белгилайди.
БМТ маълумотларига кўра, Ғазо секторида ҳар 10 дақиқада бир бола ҳалок бўлмоқда ёки жароҳатланмоқда.
Шу билан бирга, Ғазо сектори ҳукумати матбуот хизматининг 3 июнь куни маълум қилишича, эксклавдаги 3500 нафар бола очлик туфайли ўлим хавфига дуч келган.
2023 йил 7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазо секторида давом этаётган ҳужумлари натижасида 36586 фаластинлик, жумладан 10171 аёл ва камида 15328 бола ҳалок бўлди, яна 83074 нафар фаластинлик яраланди.