"Бизни ўзимиздан ҳимоя қилинг": исроилликлар халқаро ҳамжамиятдан Нетаняхуни тўхтатишни сўрашмоқда
Октябрь ойида минглаб исроилликлар яҳудий давлати ҳукуматини
зудлик билан оташкесимга мажбурлаш учун Исроилга глобал босим ўтказишга
чақирган очиқ хатни имзоладилар. Мурожаатни исроиллик рассомлар, ёзувчилар,
математиклар ва собиқ дипломатлар имзолаган. Мактубни имзолаганлар орасида
Исроилнинг Россиядаги собиқ элчиси Ализа Шенҳар ҳам бор.
“Биз, Исроилда ва бошқа мамлакатларда яшовчи исроилликлар
халқаро ҳамжамиятга: БМТ, АҚШ, ЕИ, Араб Лигаси, шунингдек, дунёнинг барча
мамлакатларига мурожаат қиламиз. Мақсадимиз – Исроилга қарши ҳар қандай мумкин
бўлган санкцияларни қўллаш орқали зудлик билан аралашиш, Исроил ва унинг
қўшнилари ўртасида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга эришиш”, - дейилади 3300
нафар Исроил фуқароси имзолаган оммавий мурожаатда.
Мактубда муаллифлар афсус билан “исроилликларнинг аксарияти
урушни давом эттириш тарафдори”экани ва шунинг учун “ҳозирда Исроилда
ичкаридан ўзгаришлар имконсиз бўлиб кўринаётганини” таъкидлайдилар.
“Исроил давлати урушга ҳар куни кучайиб бораётган,
бошқаларни йўқ қилиш учун ўз жонига қасд қилиш йўлига кирди. Исроил ҳукумати ўз
фуқароларини гаровга олди (баъзан эса ўлдирди)...” дейилади мурожаатда.
Мурожаатда Исроилга нисбатан самарали халқаро босимнинг
йўқлиги, ушбу давлатга қурол-яроғ етказиб бериш тўхтамаётгани ҳамда иқтисодий,
хавфсизлик, илмий ва маданий ҳамкорлик келишувларининг сақланиб қолинаётгани
кўплаб исроилликларни ҳукумат сиёсати халқаро қўллаб-қувватлашга эга эканлигига
ишонтираётгани таъкидланади.
«Биз қуруқ гаплардан чарчадик. Келажагимиз ҳамда Исроил ва
Фаластиннинг барча аҳолисининг келажаги учун сиздан илтимос қиламиз: бизни
ўзимиздан қутқар! Исроилга зудлик билан ва доимий оташкесим учун ҳақиқий
халқаро босим ўтказинг”, дейилади мурожаатда.
Мактубни имзолаганлар орасида Тел-Авив университети фалсафа кафедраси катта ўқитувчиси Анат Матар, «Исроил мукофоти» лауреати математик Одед Голдрайх, қадимги иудаизм тарихчиси Рон Найвелд, Исроилнинг собиқ бош прокурори Михаэль Бен-Яир, Страсбург университети сиёсатшуноси Йоав Шемер-Кунц, социолог ва Қуддус Яҳудий университети профессори Яэль Берда, ҳуқуқшунос ва инсон ҳуқуқлари бўйича тадқиқотчи Смадар Бен-Натан, Исроилнинг Россиядаги собиқ элчиси Ализа Шенхар, Қуддус университетининг яҳудий тарихи кафедраси профессори Амос Голдберг, профессор Сиёсий социология ва давлат сиёсати фанлари доктори Ягил Леви, Ҳайфа университети доктори Шмуэл Ледерман, халқаро ҳуқуқ профессори Нив Гордон, тилшунослик профессори Идан Ландау, ёзувчи Михал Бен-Нафтали, сиёсатшунослик кафедраси профессори Менахем Кляйн, Тел-Авив университети тарих кафедраси мудири Мириам Элиав-Фельдон, раввин Дуби Авигур, исроиллик қўшиқчи Ноа ҳамда Исроил зиёлилари ва илмий муҳитининг бошқа вакиллари бор.