01.08.2024 17:06

Биринчи F-16 қирувчи самолётларини олган Украина жабҳада устунликка эришадими?

Биринчи F-16 қирувчилари кам сонда Украинага етиб келди, дея хабар қилди Bloomberg вазиятдан хабардор бўлган манбаларига таянган ҳолда.

Қирувчиларнинг Украинага етказилиши учун бир йилдан кўпроқ вақт керак бўлди. Қўшма Штатлар Украина томони ва НАТО иттифоқчиларининг бир неча марта сўровларидан кейин 2023 йил май ойида уларни тақдим этишга рухсат берганди.

Дания жами 19 та, Голландия эса 24 та, Норвегия 6 та самолёт етказиб беришга ваъда берган. Time газетаси манбаларининг аниқлик киритишича, ҳозиргача Украина Қуролли кучлари (АФУ) Голландиядан ваъда қилинган самолётларнинг олтитасини олган, партиянинг қолган қисми эса яқин келажакда Даниядан келади.

Украина Қуролли Кучларининг учувчилари ва қуруқликдаги ходимлари бир неча ой давомида Украинанинг ғарбий ҳамкорлари, жумладан АҚШ, Руминия ва Нидерландиядан тайёргарликдан ўтишди. Бироқ украиналик учувчилар дарҳол ушбу самолётларни бошқаришни бошлай оладими ёки бу вақт талаб этадими – аниқ эмас.

Украина ҳарбийлари 2022 йил февралида Россия билан можаро бошланганидан бери Совет давридан қолган нисбатан кичик самолётлар паркига таянишга мажбур бўлди, дея қайд этади Reuters. Украина расмийлари F-16 нинг қўшилишини ҳаво кучлари учун муҳим янгиланиш деб ҳисобламоқда.

Айни пайтда, таҳлилчилар ва расмийларнинг таъкидлашича, биргина F-16 урушда бурилиш нуқтаси бўлмайди, деб ёзади агентлик, чунки олтита қирувчи тўлақонли самолёт ўрнини боса олмайди. Бундан ташқари, қирувчиларга қуруқликда кучли қўшимча мадад, хусусан, ҳаво мудофааси тизимлари зарур - Украинада ҳали улар етарли эмас.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.