17.06.2024 16:32
Баҳсли ҳудудда Хитой ва Филиппин кемалари тўқнашиб кетди
Бугун, 17 июнь куни Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли ҳудудда Хитой ва Филиппин кемалари тўқнашди. Бу ҳақда ХХР соҳил хавфсизлик бошқармаси маълум қилди.
Баёнотга кўра, Филиппин кемаси Ренай рифига туташ сувларга "ноқонуний равишда бостириб кирган". Бу ҳудудни филиппинликлар "Томаснинг иккинчи қирғоғи" деб ҳам аташади.
"Хитой томонининг такрорий огоҳлантиришларига қарамай ўрнатилган тартибни бузган ҳолда Филиппин кемасининг хавфли яқинлашуви тўқнашувларга сабаб бўлди", дейилади хабарда.
Маълумот учун, Пекин Томаснинг иккинчи қирғоғини ўзининг сув майдони деб билади.
2016 йилда халқаро трибунал Хитойнинг Жанубий Хитой денгизининг 90 фоизига даъволарини бекор қилганди, аммо Пекин бу қарорни тан олмаган ва баҳсли сувларда сунъий ороллар барпо этишда давом этмоқда.
Жанубий Хитой сувларига эгалик масаласи ҳам Хитой ва АҚШ муносабатларини мураккаблаштиради. Бу ҳудуддаги айрим сувларга Тайван, Малайзия, Вьетнам ва Бруней ҳам даъво қилади.