23.09.2024 08:09

Бангладешда армия суд тизимини 60 кунга ўз қўлига олади

Бангладеш муваққат ҳукумати армия зобитларига кейинги 60 кун давомида бутун мамлакат бўйлаб махсус суд қилиш ҳуқуқини (юрисдикция) бериш тўғрисида қарор қабул қилди.

Бу ҳақда Давлат бошқаруви вазирлиги меморандумида маълум қилинган. Ҳужжатда малакали армия зобитлари мамлакатнинг турли вилоятларида судьялар назорати остида ижро судьялик вазифаларини бажариши белгиланган.

Бангладеш армиясининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими директори подполковник Сами ал-Даула Чоудрининг айтишича, бу ваколатлар армияга полиция тузилмаси ҳали ўз вазифаларини тўлиқ бажармаётгани, шунингдек, спорадик (аҳён-аҳёнда) содир бўлаётганган қўпорувчилик ҳаракатлари муносабати билан берилган.

Эътиборлиси, армия жорий йилнинг 19 июлидан буён ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган сифатида хизмат қилмоқда ва Бангладеш кўчаларида унинг роли мамнуният билан кутиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, июль ойида мустақиллик уруши қатнашчилари оилаларига давлат хизматига ишга киришда 30 фоизлик квота ажратиш ҳақидаги ҳукумат қароридан сўнг мамлакатда кенг кўламли норозилик намойишлари бошланиб кетди. Намойишлар 15 йилдан бери ҳукмронлик қилган ва охирги марта шу йилнинг январь ойида тўртинчи муддатга қайта сайланган Ҳасинани ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келди.

Оммавий намойишлар бошланганидан бери 280 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган тартибсизликлардан сўнг, мамлакат Олий суди иш ўринлари квоталарини бекор қилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.