Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлиги Францияда қўлга олинган Телеграм асосчиси Павел Дуровга барча консуллик хизматларини зудлик билан кўрсатишга ва Парижга тегишли сўров юборишга тайёрлигини маълум қилди. 

 Маълумки, миллиардер тўрт давлат (Россия Федерацияси, Франсия, БАА ва Кариб денгизидаги Сент-Китс ва Невис) фуқаролигига эга.  

Абу-Даби Париж аэропортида қўлга олинган ватандоши ишини диққат билан кузатиб бораётганини таъкидлади. Дипломатик муассаса баёнотида БАА расмийлари учун мамлакат фуқаролари фаровонлиги ва уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш биринчи ўринда экани таъкидланади. 

Аввалроқ Франция прокуратураси Дуровга нисбатан дастлабки тергов июль ойи бошида бошланганини маълум қилганди. У Телеграмдан фойдаланиш билан боғлиқ ўндан ортиқ жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда. Улар орасида ҳукуматга маълумотларни тақдим этмаслик ҳам бор.

Кузатувчилар мессенжер асосчисига қарши ишнинг асосий “мижози” Америка Қўшма Штатлари бўлиши ва шу тариқа бир вақтнинг ўзида бир нечта мақсадларни, жумладан, Телеграм назоратини қўлга киритишни ҳам кўзда тутганини таъкидламоқда.

Мавзуга алоқадор