29.07.2024 10:41
Французча “дунёвийлик” асл юзини кўрсатди ёхуд биз кимга эргашяпмиз?
Париж-2024 олимпия ўйинларининг тантанали очилиш маросими 26 июль куни бўлиб ўтди. Унда намойиш этилган саҳна кўринишлари дунёнинг эсли-хушли инсонларини ларзага солди.
Таниқли шахслар, блогерлар, оммавий ахборот воситалари француз томошаларини “жирканч”, “дидсиз”, “аҳмоқона”, “ҳақиқий ахлат” деб баҳоладилар. Ушбу томошалар мавзувий жиҳатдан ўта жинсийлаштирилгани ва худога шак келтиришга қаратилгани туфайли дунё ҳамжамиятининг нафаратига учради.
Маълумки илк саҳна кўриниш тадбирнинг мазмун-моҳиятини, ташкилотчиларнинг ғояси ва қадриятларини ўзида мужассам этади. Эсингизда бўлса, Қатарда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатининг очилиш маросими Қуръони каримнинг турли миллат ва элатларни ўзаро ҳамжиҳатликда яшашга чорловчи оятининг тиловати билан бошланган эди. Дарҳақиқат, чемпионат давомидаги маданий тадбирлар, томошалар, декорациялардан кўзланган асосий мақсад, инсонларни исломий қадриятлар, ўзаро ишонч, ҳурмат, анъанавий оила муҳити каби гўзал инсоний фазилатларни тарғиб қилишга бағишлангани маълум бўлди. Қатар инсониятга ҳақиқий инсонийликни кўрсатиб бера олди.
Париж ҳам ўз инсониятга французча қадриятларни кўрсата олди. Халқаро тадбирни жинсий тарбияси бузуқлиги билан танилган учлик очиб берди. Ҳатто энг либерал ғарб матбуоти ҳам Париж олимпия ўйинларининг очилиш маросимини “энг гейлаштирилган ўйинлар” деб таъкидлади. Ҳатто жинсий бузуқлик тарафдорларининг ўзи ҳам “Биз саҳнадаги ёш болалар атрофида хотинчалиш эркаклар ва ярим яланғоч гендерчи активистларни кўриб кўнглимиз айниди” деб ёзди.
Саҳналарнинг ҳаддан зиёд инклюзивизм (бағрикенглик) билан тўлдирилгани ҳам оддий одамларнинг ғазабини уйғотди. Табиати, жинси ва маънавияти бузуқ инсонлар дунёда ўта оз бўлишига қарамай тадбир сценарийсининг асосини шу жирканч мавзу эгаллагани қолган соф фитратли инсонларга нисбатан ҳурматсизлик, деб баҳолаганлар ҳам бўди. “Биз уларни кўришга мажбурмизми?” деб нолишди.
Дунёнинг энг бой тадбиркори Илон Маск томошани “насронийларга нисбатан ўта кетган ҳурматсизлик” деб баҳолади. Бунга эса, насронийлик эътиқодида Исо алайҳиссалом ҳаёти билан боғлиқ муқаддас шиорлардан бири бўлган Сўнгги байрам саҳнасининг жирканч усулда намойиш этилиши бўлди.
Француз маданият вакиллари Сўнгги байрам воқеаси, яъни Исо алайҳиссалом ва унинг шогирдларининг дастурхон атрофидаги саҳна кўринишини жинсий бузуқлар, хотинчалиш эркаклар, ярим яланғоч феминист активистлар ва либерализмнинг шунга ўхшаш жирканч вакиллари томонидан қайтадан саҳналаштирди.
Шундан сўнг, дунё насронийлари томонидан Париж-2024 олимпия ўйинларининг очилиш маросими саҳналари диндорлар ва диний эътиқоднинг мазаҳ қилиниши сифатида қаттиқ қораланди.
Мутахассислар Қатар исломий қадриятларни тарғиб қилган бўлса, Париж-2024 олимпия ўйинларининг очилиш маросимида французча дунёвийлик ғоялари ва қадриятлари тарғиб қилинди, деб баҳолашмоқда.
Французча динсиз дунёвийликнинг илдизлари француз радикаллар томонидан амалга Буюк Француз инқилобига бориб тақалади. Ўшанда республикачи радикаллар томонидан ҳашаматга берилган қиролича Мари Антонеттанинг боши чопилиб, монархияга барҳам берилган, Биринчи Француз республикасига асос солинган эди. Француз конституциясини диний уламоларнинг жуда озчилиги ёқлаб, асосий диндор аҳоли томонидан у рад этилгач, радикал инқилобчилар кескин йўлдан, яъни динни буткул сиёсатдан ажратиш йўлидан борди. Францияда диний қадриятларнинг инобатга олинмаслиги, жамиятнинг радикал равишда мажбуран дунёвийлаштирилиши оқибатида бугунги саҳна кўринишлари вужудга келди. Динсиз қатлам орасида ҳам “французча дунёвийлик - разиллик” деган тушунчалар пайдо бўлди.
Париж-2024 олимпия ўйинларининг очилиш маросимида боши узилган Мари Антонеттага алоҳида саҳна кўринишининг ажратилиши ҳам радикал дунёвийликка асосланган француз қадриятларининг илдизларини кўрсатиб берди.
Умуман олганда, Париж-2024 олимпия ўйинларининг очилиш маросими саҳналари бехудо, беқадрият ва безбет французча “дунёвийлик”нинг асл юзини кўрсатди.
Бугун жамиятимизда миллий қадриятларимизни тиклаш, фарзандларимизни ўзимизга хос бўлган инсоний фазилатлар, одоб-ахлоқ ва ғоялар билан тарбиялаш давлат даражасидаги муҳим вазифалардан ҳисобланади. Миллий қадриятларимиз, маданиятимиз эса диний таълим-тарбия билан узвий боғлиқлиги барчамизга маълум. Ана шундай ҳолатда, яъни фарзандларимизни миллий ва диний қадриятлар асосида тарбиялаш ҳақида сўз борганда ҳукумат томонидан турли тўсиқлар пайдо қилинмоқда. Ана шундай тўсиқлардан бири сифатида диний фоннинг ортиши мамлакатга иқтисодий фойда келтирмаслиги, балки барча ривожланган мамлакатлар “дунёвий” давлат эканлиги, шу боисдан, ғарбча дунёвийлик йўлидан боришимиз тўғри эканлиги таъкидланади.
Дарҳақиқат, бугун ўзбек сиёсатчилари орасида французча дунёвийликка ишқи кетганлар йўқ эмас. Умуман олганда, таҳлилчилар томонидан мамлакатимизда француз радикал секуляризмини кўр-кўрона тадбиқ қилиниши ҳаракатлари кузатилмоқда.
Масалан, Француз конституциясининг биринчи моддасида “Франция ажралмас, дунёвий, демократик ва ижтимоий республика” деб баён қилинган. Ўзбекистоннинг аввалги конституциясининг биринчи моддасида “Ўзбекистон — суверен демократик республика” деб эътироф этилган эди. Бироқ, қабул қилинган янги конституцияда бу модда, ҳудди Француз конституциясини такрорлаган ҳолда “Ўзбекистон — бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат.” деб баён қилинди. Яъни мамлакатимизнинг Франция каби дунёвий ва ижтимоий давлат экани алоҳида кўрсатиб ўтилди. Ундан аввал дунёвий эмасмидик, дунёвийликка алоҳида урғу бериш нима сабабдан бўлди?
Айнан, французча конституциядаги ғояларни олиш, француз ғояларини олишни, французча дунёвийлашишни англатадими? Буни вақт кўрсатади.
Бироқ, юқори даражадаги ўзбек сиёсатчисининг фикрларига қарайдиган бўлсак, бугун давлат сиёсатимиз қўштирноқ ичидаги жуда катта олимларнинг “одамларга дўзаҳга кириш-кирмаслик танловини ўзларига қўйиб бериш, кирса ўзи киради” деган ғояси ортидан кетаётганини кўрсатмоқда. Ушбу мафкура, яъни одамларни диний қадриятлар ва ўлчовларга кўра разил ва дўзаҳга элтувчи амалларни қилишга қўйиб бериш “жамият ривожланиши учун катта аҳамиятга эга” бўлган вазифалар сифатида кўрилмоқда.
Замонавий ўзбек сиёсатчилари жамиятнинг ривожлантиришнинг маънавий разилликларни қилишга қўйиб беришдан бошқа йўлини билмайдиларми? Биз дунёвий ривожланиш деганда французча ривожланиш йўлидан борамизми?
Умуман олганда, одамларни разилликларни қилишига қўйиб бериш, миллий ва диний қадриятларни уйнинг ичига қамаш, жамиятда инклюзив (бағрикенг) муҳитни яратиб, ҳамма разилликлар учун кенг имконият яратиш, керак бўлса, давлат томонидан буни қўллаб-қувватланиши жамият ривожланишига олиб бориши ҳали тасдиқланмаган.
Бироқ, фанлараро тадқиқотлар жамиятда бузуқликнинг кўпайиши мамлакат бошқарувининг издан чиқиши, жамиятда тарангликлар, муаммолар ва адолатсизликларни келтириб чиқаришини, давлат ва жамиятни бошқаришдаги имконият ва ресурслар иқтисодий муаммолардан кўра, майда безориликларни ечишга сарфлаб юбориб, барака топмаслигини таъкидлайдилар.
Европа уйғониш даврининг асосчиларидан бири бўлган улуғ немис мутафаккири Иммануил Кант давлат, жамият ва инсоний муносабатларнинг ривожи, инсоннинг бахт-саодати ҳақида тафаккур қилиб, фақат охиратга ишонишгина инсонларни разил, қабиҳ ва ҳалокатли ишлардан сақлаб қолади, демак инсонларда охират тушунчаси бўлиши керак, нариги дунё тушунчаси бўлиши учун эса, Худо бор бўлиши керак, демак худо бор, деган олтин қоидани илгари суради.
Дарҳақиқат, нариги дунёни ўйламай, фақатгина бу дунё ҳақида қайғурган французча “дунёвийлик” бугун асл юзини кўрсатиб қўйди. Хўш, бизнинг халқимиз дунёвий давлатмиз деганда нимани назарда тутган эди? Миллий ва диний қадриятларни буткул инкор этадиган, “одамларга дўзаҳга кириш-кирмаслик танловини ўзларига қўйиб берадиган” французча дунёвийликними, ёки асрлар давомида шаклланиб келган инсоний фазилатлармиз ва одоб-ахлоқимиз асосонланган ўзимизга хос дунёвийликми?
"Одамлардан баъзилари “Эй Парвардигор, бизга мана шу дунёда бергин”, дейди. Унинг учун охиратда ҳеч қандай насиба йўқ. Ва улардан баъзилари: “Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ато қилгин ва бизни дўзаҳ азобидан сақлагин”, дейдилар. Ана ўшаларга қилган касбларида насиба бор. Аллоҳ тез ҳисоб қилгувчидир". (Бақара сураси, 200-201-оятлар).
© Тарих ва сиёсат