28.08.2024 08:54

БАА Дуров ҳибсга олингани туфайли Франция билан йирик келишувни музлатиб қўйгани айтилмоқда

Telegram асосчиси Павел Дуровнинг ҳибсга олиниши Франция билан кўп миллиард долларлик келишувни хавф остига қўйди. Бу ҳақда германиялик тадбиркор ва фаол Ким Дотком Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида маълум қилди.

Таъкидланишича, Павел Дуровнинг ҳибсга олиниши туфайли Франция ҳукумати катта молиявий йўқотишларга учраши мумкин.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, Дуров ҳибсга олинганининг эртасига Франция катта йўқотишларга учраш хавфи остида қолган. БАА 80 та янги авлод Rafale қирувчи самолётларини сотиб олиш бўйича йирик битимни музлатишга қарор қилган. Шартнома 17 миллиард долларга баҳоланган бўлиб, унинг йўқотилиши Франция иқтисодиётига жиддий зарба бериши мумкин. Дотсом, шунингдек, Павел Дуров БАА фуқароси ва бош вазир ўринбосари Ҳамдан Ал Мактумнинг яқин дўсти эканлигини таъкидлади.

Ким Дотком шунингдек, Дуров озод қилинмагунча Францияни бойкот қилишга чақирди.

Аввалроқ БАА Ташқи ишлар вазирлиги Францияда ҳибсга олинган ўз фуқароси Павел Дуровга барча консуллик хизматларини зудлик билан кўрсатиш ва Парижга тегишли сўров юборишга тайёрлигини билдирганди.

Telegram асосчиси 2021 йилда Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) фуқаролигини олган. Шундай қилиб, Дуров бир вақтнинг ўзида тўртта давлат фуқароси бўлди - Россия, Кариб денгизи оролларида жойлашган Сент-Китс ва Невис давлати, Франция ва БАА.

2021 йилнинг февраль ойида Дуров Дубай валиаҳд шаҳзодаси шайх Ҳамдан бин Муҳаммад бин Рашид ал-Мактум билан ҳам учрашган. Шайх БАА бош вазирининг ўғли.

Эслатиб ўтамиз, Павел Дуров Дуров ўз самолётида етиб келган Франциянинг Ле Бурже аэропортида қўлга олинган эди. У Францияда 12 та жиноятда айбланмоқда.

Франция ҳуқуқ-тартибот идоралари Telegram хабарлашмасини жиноятчилик учун замин деб билади. Дуровни контентларни қатъий модерация қилиш, шунингдек, гиёҳванд моддалар тарқатиш ва фирибгарликда гумон қилинган фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишда расмийлар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортганликда айбламоқда. 

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.