Ҳаж-2024: Мино водийсида 2 миллион зиёратчи йиғилди
Бугун, Зулҳижжа ойининг саккизинчи – Тарвия кунида кўплаб зиёратчилар ҳаж ибодатининг асосий амалларини бажариш учун Мино водийсига йўл олди. Бу ҳақда "IslamNews" хабар берди.
Қайд
этилишича, одамларни ташиш учун 12 000 га яқин автобус ажратилган. Зиёратчилар
шанба – ҳажнинг иккинчи куни Арафат тоғига йиғилишади. Арафатда дуолар ижобат
бўлиши таъкидлангани учун унда "Раҳмат тоғи"га юзланиб Аллоҳ Таолога
ёлбориш, тавба-тазаррулар қилиш, раҳмат-мағфират сўраш суннат амаллардандир.
Шу боис
ҳам зиёратчилар ҳажнинг энг юқори нуқтаси бўлган Арафат тоғида туришга
тайёргарлик кўришаётганда ўзларини имон ва тақводорлик билан тўйинтирадилар. Шу
куни улар ибодатга шўнғийди.
Макка ва
Муздалифа ўртасида жойлашган Мино водийси мусулмонлар учун муҳим аҳамиятга эга
жой ҳисобланади. Тарихчиларнинг фикрича, водий номи арабча "амна"
сўзидан келиб чиққан бўлиб, "қон тўкиш" маъносини англатади.
Мутахассислар буни водийда қурбонлик қилинган ҳайвонларнинг кўплиги билан ҳам
изоҳлашади. Бундан ташқари, Минода Иброҳим пайғамбар иблисга тош отган.
Минодаги Жамаротга яқин катта масжид – Масжидул Хайфда Муҳаммад (с.а.в.)
пайғамбаримиз ўзларининг хайрлашув ваъзларини ўқиганлар.
Айни
пайтда Саудия Арабистони зиёратчиларни қабул қилиш учун кенг кўламли
чора-тадбирларни кўргани айтилмоқда. Жумладан, шифохоналар, кўп қаватли
турар-жой бинолари ва зиёратчиларни муқаддас жойлар ўртасида тез олиб ўтадиган
темир йўл линияси хизматга шай ҳолга келтирилган. Бу йил жами 2 миллионга яқин
зиёратчи ҳаж сафарига йўл олган.
Маълумот
учун, Жорий йилда тарвия куни 14 июнга, арафа 15 июнга ва қурбон ҳайитининг
биринчи куни 16 июнга тўғри келади. Тарвия куни рўза тутиш жуда фазилатлидир. Тарвия
дейилишига сабаб ўша куни ҳожилар Замзам сувидан қониб-қониб ичишларидир.
Тарвия тафаккур маъносида ҳам қўлланилади. Зулҳижжанинг саккизинчи кечасида
Иброҳим (алайҳиссалом) тушларида ўғиллари Исмоилни (алайҳиссалом) қурбонлик
қилаётганларини кўрадилар ва бу туш шайтонийми ёки раҳмоний, дея ўша кунни
тафаккур билан ўйчан ҳолда ўтказадилар. Шунга кўра, бу кунга Тарвия (тафаккур)
дейилади. Арафа кечаси “Сенга буюрилган нарсани адо эт!” амри берилгач, бу
тушнинг раҳмоний эканини англаб етадилар. Шунинг учун ҳам мазкур кун “арафа”
(билмоқ) деб аталди.