АҚШда «Ҳелен» тўфони қурбонлари сони 150 нафардан ошди
АҚШнинг Флорида штати қирғоқларига урилган «Ҳелен» тўфони минтақага салбий таъсир кўрсатишда давом этмоқда. 4-тоифали (жами 5 тоифа) довул вақтида шамол тезлиги соатига 225 км га етди.
Расмийларнинг
маълум қилишича, тўфон ва кучли ёғингарчиликлардан зарар кўрган Шимолий
Каролина, Жанубий Каролина, Жоржия, Флорида ва Виржиния штатларида камида 150
киши ҳалок бўлган. Шунингдек, 600 га яқин киши бедарак йўқолган деб
ҳисобланмоқда. Бу – қурбонлар сони яна ортиши мумкинлигидан дарак беради.
Довулдан Шимолий Каролинанинг тоғли ҳудудлари энг кўп жабр кўрди. Ушбу ҳудудда сув тошқинлари кўприклар ва биноларни ювиб кетди, бутун қишлоқлар вайрон бўлди, 95 мингга яқин аҳолиси бўлган машҳур Ашевилле сайёҳлик шаҳри ташқи дунёдан узилиб қолди.
Ички
хавфсизлик департаментининг Фавқулодда вазиятларни бошқариш бўйича Федерал
агентлиги (FEMA) «Ҳелен» тўфони туфайли 1000 дан ортиқ одам бошпаналарда
қолаётганини маълум қилди.
Расмийларнинг
билдиришича, 150 мингдан ортиқ хонадон ёрдам сўраган, бўрондан зарар кўрган
ҳудудларга озиқ-овқат ва сув юборилмоқда.
АҚШ
президенти Жо Байден шу ҳафта бўрондан зарар кўрган ҳудудларга ташриф буюриши
кутилмоқда.
Президент
Байден Флорида ва Шимолий Каролинада "фавқулодда ҳолат" эълон қилиб,
бўрон қурбонларига "федерал ёрдам" кўрсатишни буюрди.
«Хелен»
тўфони оқибатларини бартараф этиш 95-110 миллиард долларга тушиши кутилмоқда.
Довул
душанба куни Атлантика океанига йўналган. Бироқ АҚШ ҳукумати довуллар мавсуми 30
ноябрда тугаши сабабли мамлакатда яна табиий офатлар юз бериши мумкинлигидан
огоҳлантирмоқда.