20.02.2024 12:43

АҚШда 2024 йил бошидан буён 55 маротаба оммавий отишма содир этилди

2024 йилнинг дастлабки 50 кунида АҚШда 55 маротаба оммавий отишма содир этилди.  Azon Global АҚШ Ўқотар қуроллар иштирокидаги зўравонликлар архивининг 20 февраль ҳолатидаги маълумотларини ўрганди.

Унга кўра, мазкур оммавий отишмалар давомида энг камида 92 киши ҳалок бўлди, 186 киши жароҳатланди.

Ана шундай оммавий отишмаларнинг энг йирикларидан бири 14 февраль куни Миссури штатининг Канзас-Сити шаҳрида Америка футболи финали ғолиблари шарафига ўтказилган фестивалда содир этилди. Ушбу отишмада бир киши ҳалок бўлди, камида 29 киши, жумладан 9 бола жароҳатланди.

Архив маълумотларига кўра, 23 январь куни Калифорния штатининг Аделанто (6 киши) ҳамда 21 январь куни Иллинойс штатининг Жолиет (8 киши) шаҳарларида содир этилган оммавий отишмаларда энг кўп одам қурбон бўлган.

Бундан ташқари, АҚШда йил бошидан буён ўқотар қуроллар ёрдамида содир этилган отишмаларда жами 2199 киши ҳалок бўлган, 3731 киши жароҳатланган. Қурбонларнинг 34 нафари 11 ёшгача бўлган болалар, 12-17 ёшли ўсмирлар 167 нафарни ташкил этган. Шунингдек, 68 бола ва 378 нафар ўсмир турли даражада тан жароҳатлари олган. 95 киши қурол ёрдамида ўз жонига қасд қилган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.