07.02.2024 09:57

АҚШ Вакиллар палатаси Исроилга 17,6 миллиард доллар ажратиш лойиҳасини рад этди

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Исроилга 17,6 миллиард доллар ёрдам ажратиш ҳақидаги қонун лойиҳасини рад этди. Ҳужжатни Конгресс қуйи палатасининг 250 нафар аъзоси қўллаб-қувватлаган, 180 нафар қонунчи эса унга қарши чиқди. Ташаббус қабул қилиниши учун овозларнинг учдан икки қисмини олиш керак эди.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг республикачи аъзоси Майк Жонсон таклиф қилган қонун лойиҳасига 166 нафар демократ ва 14 нафар республикачи қарши овоз берди.

Аксар демократ қонунчилар қонун лойиҳасига сиёсий сабабларга кўра қарши овоз берганини айтишди. Чунки ташаббус фақат Исроилни қўллаб-қувватлашни ўз ичига олган, Украинага кўмак, Ғазога гуманитар ёрдам ва Тайванни қўллаб-қувватлаш каби бошқа ташқи сиёсий масалалар киритилмаган.

Прогрессив қанотга яқин қонунчилар, жумладан Вакиллар палатасидаги ягона фаластинлик депутат Рашида Тлаиб ва ​​яна бир мусулмон қонунчи Илхан Умар қонун лойиҳасига қарши чиқиш қарорини “Исроилнинг Ғазога ҳужумлари натижасида халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши билан изоҳлашди.

Демократлар узоқ вақтдан бери Украина ва Исроилга ҳарбий ёрдам ҳамда АҚШ-Мексика чегараси хавфсизлигини ягона пакетга бирлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Аммо республикачилар чегара хавфсизлиги мавзусини ажратишга мойил бўлиб, Байден маъмуриятидан бу борада кўпроқ нарса талаб қилмоқда.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден Исроилни қўллаб-қувватловчи, лекин Украина ва чегара хавфсизлигига оид бандларни ўз ичига олмаган қонун лойиҳасига вето қўйишини маълум қилганди.

“Ҳеч ким президент Байденни Исроилга қаршиликда айблай олмайди, лекин агар биз бу қонун лойиҳасини (фақат Исроилни қўллаб-қувватлайдиган) қабул қилсак, қолган ҳамма нарса чиқиндига айланади”, деди овоз беришдан кейин журналистларга демократлар вакили Эмануэл Кливер.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.