АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи мамлакатларидаги 800 дан ортиқ иқтидордаги ҳукумат амалдорлари ўз ҳукуматларининг Исроил ва Ғазо ўртасидаги урушдаги сиёсати “халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши” бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирувчи жамоавий баёнотни имзолади.

Бир нусхаси BBC хизматига тақдим этилган "трансатлантик баёнот"да айтилишича, уларнинг маъмурияти "ушбу асрнинг энг даҳшатли инсоний офатларидан бири"га шерик бўлиш хавфи бор ва уларнинг эксперт маслаҳатлари эътиборга олинмаяпти.

Бу Исроил ва унинг Ғарбдаги асосий иттифоқчилари ҳукуматлари ўртасида чуқур бўлиниш мавжудлигига яна бир ишорадир.

Имзоловчилардан бири, миллий хавфсизлик соҳасида 25 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган АҚШ ҳукумати расмийси BBC`га хавотирларига нисбатан “давомий эътиборсизлик” ҳақида гапирди.

"Минтақани ва унинг динамикасини тушунадиганларнинг овози эшитилмаяпти", деди у.

“Бу ерда ҳақиқатан ҳам фарқли томони шундаки, биз шунчаки бирор нарсанинг олдини олишга қодир эмасмиз, балки фаол иштирок этяпмиз. Бу менинг хотирамдаги бошқа ҳар қандай вазиятдан тубдан фарқ қилади”, — дея қўшимча қилди исми сир қолишини истаган амалдор.

Баёнот АҚШ, Европа Иттифоқи ва Европанинг 11 давлати, жумладан, Буюк Британия, Франция ва Германия ҳукумат вакиллари томонидан имзоланган.

Унда айтилишича, Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларида “ҳеч қандай вазминлик кўрсатмаяпти”, “бунинг натижасида ўн минглаб тинч аҳоли ўлимига олиб келган; ва... ёрдамни атайлаб тўсиб қўйиш... минглаб тинч аҳолини очлик ва секин ўлим хавфига дучор қилмоқда”.

“Ҳукуматларимизнинг сиёсати халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши, уруш жиноятлари ва ҳатто этник тозалаш ёки геноцидга олиб келиши аниқ хавфга эга”, - дейилади баёнотда.

Баёнотни имзолаган ёки қўллаб-қувватлаган шахсларнинг исмлари ошкор этилмаган. BBC мухбири исмларнинг тўлиқ рўйхатини кўрмади, лекин имзолаганларнинг деярли ярми давлат хизматида камида ўн йиллик тажрибага эга эканини билади, дейилади хабарда.

Американинг истеъфодаги элчисининг сўзларига кўра, шу пайтга қадар бир вақтнинг ўзида кўплаб мамлакатлар ҳукумат аппаратидаги норози амалдорларнинг ўз ҳаракатларини бу даражада мувофиқлаштиришганини кўрмаган.

“40 йилдан буён ташқи сиёсатни кузатиб борар эканман, бу шу пайтгача мен гувоҳ бўлган энг ноёб воқеадир”, деди АҚШнинг Жазоир ва Суриядаги собиқ элчиси Роберт Форд BBC билан суҳбатда.

У буни 2003 йилда АҚШ маъмуриятининг Ироққа бостириб киришни оқлаш учун ишлатилган нотўғри разведка ҳақидаги хавотирлари билан қиёслади, аммо бу сафар кўплаб амалдорлар жим турмасликка қарор қилишди.

“[Ўшанда] ҳақиқатни, разведка маълумотлари танлаб‑танлаб олинганини, урушдан кейинги режа йўқлигини одамлар билган, бироқ ҳеч ким буни очиқ‑ошкора гапирмаганди. Бу сафаргиси эса жиддий муаммо бўлиб чиқди, - деди Форд.

"Ғазодаги уруш билан боғлиқ муаммолар шунчалик жиддий ва оқибатлари шунчалик хавфлики, улар буни оммага етказишга мажбурдирлар", деди у.

Расмийлар ўз мактубида уларнинг ҳукуматлари Исроилга “реал шарт-шароитсиз ва жавобгарликсиз” бераётган ҳарбий, сиёсий ва дипломатик ёрдам нафақат кўпроқ фаластинликларнинг ўлимига олиб келиши, балки ҲАМАС томонидан гаровга олинганларнинг ҳаётини, шунингдек, Исроилнинг хавфсизлиги ва минтақавий барқарорлиги ҳам хавф остига қўйиши мумкинлигини ёзган.

"Исроилнинг ҳарбий амалиётлари 11 сентябрдан бери орттирилган барча муҳим аксилтеррорчилик тажрибасини эътиборсиз қолдирди... [ҳарбий] операция Исроилнинг ҲАМАСни мағлуб этиш мақсадига ҳисса қўшмади, аксинча, ҲАМАС, Ҳизбуллоҳ ва бошқа салбий томонларнинг жозибадорлигини оширди", - дейилади жамоавий мактубда.

Расмийларнинг таъкидлашича, улар ўзларининг профессионал ташвишларини ички каналлар орқали кўтаришган, аммо "сиёсий ва мафкуравий сабабларга кўра эътиборсиз қолдирилган".

Оммавий мурожаатни қўллаб-қувватлаган Британиянинг юқори мартабали амалдорларидан бири BBC`га давлат хизматчилари орасида "ташвиш кучайиб бораётганини" маълум қилган.

Амалдор ўтган ҳафта Халқаро Суднинг Жанубий Африка Республикаси томонидан қўзғатилган иш бўйича Исроилдан геноцид ҳаракатларининг олдини олиш учун барча чораларни кўришни талаб қилган дастлабки қарорининг таъсирига ишора қилди.

“Ташқи ишлар вазиримизэвид Кэмерон] Жанубий Африканинг даъвосини менсимасдан "ишга ёрдам бермайди" дея таърифлади. Бу бутун [қоидаларга асосланган халқаро тартибни] хавф остига қўяди”, деди анонимлик шарти билан Британия расмийси.

“Биз вазирларнинг, афтидан, ишончли ва асосланган юридик маслаҳатлашувларсиз Исроил ҳукуматига қарши айбловларни қандай хаспўшлаганини эшитдик. Бизнинг ҳозирги ёндашувимиз, назаримда, Британия, минтақа ёки жаҳон тартиби манфаатларига хизмат қилмайди”, — дея қўшимча қилди суҳбатдош.

Баёнотда айтилишича, Исроилнинг ҳарбий амалиёти Ғазо секторида мисли кўрилмаган миқдорда ҳаёт ва мулкни йўқ қилган бўлсада, ҲАМАСни таҳдид сифатида самарали йўқ қилиш учун кўринадиган стратегия ҳам, Исроилнинг узоқ муддатли хавфсизлигини таъминлаш учун сиёсий ечим ҳам йўқ.

У АҚШ ва Европа ҳукуматларини “жамиятга Исроил операцияси учун стратегик ва асосли асос борлигини айтишни бас қилишга” чақирди.

Мавзуга алоқадор