06.12.2023 15:46

Кўрфаз давлатлари Ғазони қайта қуришга 1,6 миллиард доллар ажратади

Доҳа саммитида Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши давлатлари раҳбарлари Ғазо секторини қайта қуриш учун қўшимча 1,6 миллиард доллар ажратишга ваъда берди. Ташкилот котибияти сайтида эълон қилинган баёнотда бу ҳақда сўз боради.

Хабарда қайд этилишича, саммит иштирокчилари 2009 йилда ишлаб чиқилган Ғазо секторини реконструкция қилиш дастури доирасида “қўшимча 1,646 миллиард доллар ажратиш мажбуриятини олган”.

Доҳа декларациясида, шунингдек, мамлакат раҳбарлари “тўлиқ ва барқарор ўт очишни тўхтатишга эришиш ва Ғазо аҳолисига инсонпарварлик ёрдами, ёқилғи, озиқ-овқат ва дори-дармонлар оқимини таъминлаш учун гуманитар сулҳни зудлик билан қайта тиклаш зарурлигини таъкидлагани” айтилади.

Кенгаш Исроилнинг Фаластин ҳудудларини босиб олишини тўхтатиш ва 1967 йилги чегаралар ичида пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини барпо этиш талабини такрорлади. Форс кўрфази мамлакатлари, шунингдек, "Фаластин халқининг барча қонуний ҳуқуқларини амалга ошириш мақсадида можарони ҳал қилиш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини икки баравар ошириш зарурлигини" таъкидлади.

5 декабрь куни Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған ҳам иштирок этган олти кўрфаз давлати раҳбарлари Фаластин ва кенгроқ Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятни муҳокама қилиш учун Қатардаги саммитга йиғилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.