АҚШ Иордания ўз бюджетини қўллаб-қувватлаш учун 845 миллион доллар ажратди
Иордания режалаштириш ва халқаро ҳамкорлик вазири Зейна Тоукан ва USAID миссияси директори Лесли Рид Иордания бюджетини қўллаб-қувватлаш учун навбатдаги 845 миллион долларлик грант шартномасини имзолади, дея хабар қилди Иордания ОАВ.
Хабар қилинишича, грант шартномаси АҚШнинг Иордания ҳукумати
учун йиллик иқтисодий ёрдам дастурининг бир қисмидир. Ушбу келишув 2022 йил
сентябрь ойида етти йиллик муддатга имзоланган стратегик англашув меморандуми
доирасида 2023 йил учун умумий бюджет қонунига киритилган.
Иордания вазири ҳукуматнинг иқтисодиётни модернизациялашнинг
2023-25 йилларга мўлжалланган дастури доирасидаги иқтисодий ислоҳотлар ҳамда давлат секторини
модернизация қилиш бўйича “йўл харитаси”ни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини
қўллаб-қувватлашга ёрдам берадиган кўмак учун миннатдорчилик билдирди.
Йиллик ва мунтазам пул ёрдами миқдори давлат молияси, сув
ресурслари, энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш, уй-жой қурилиши ва туризм
соҳаларида устувор дастур ҳамда
ташаббусларни амалга оширишга йўналтирилади.
"Ушбу қўллаб-қувватлаш умумий бюджет тақчиллигини
камайтиришга ёрдам беради", - деди Иордания вазири. Унинг қўшимча қилишича, Американинг етти
йил давомидаги ёрдами миқдори тахминан 10 миллиард долларга етиши кутилмоқда.
Ўз навбатида, АҚШнинг Иорданиядаги элчиси Яел Ламберта:
"Амманга кўрсатилаётган ёрдам Американинг Иорданияга чуқур ва мустаҳкам
содиқлигини кўрсатади",
- деди.
Унинг сўзларига кўра, ёрдамлар "иш ўринлари яратиш, барқарор молиявий базани таъминлаш, иқтисодиётнинг асосий омили сифатида хусусий секторни мустаҳкамлаш ва иқлим ўзгариши туфайли ёмонлашаётган сув инқирозига қарши курашиш бўйича улкан мақсадларга эришишга қаратилган маҳаллий ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди".
Аввалроқ Иордания Вашингтондан минтақада кескинлик кучайган бир пайтда ўз чегараларини ҳимоя қилиш учун қўшимча Patriot ҳаво мудофаа тизимларини жойлаштиришни сўраган эди.