19.04.2024 09:30

АҚШ Фаластиннинг БМТга тўлиқ аъзолиги ҳақидаги резолюция лойиҳасига вето қўйди

Жума куни кечқурун БМТ Хавфсизлик Кенгаши Фаластиннинг БМТга тўлиқ аъзо бўлиш истагини муҳокама қилди.

Жазоир томонидан тайёрланган резолюция лойиҳасига овоз бериш жараёнида Қўшма Штатлар лойиҳага вето қўйди. 12 давлат ёқлаб овоз берди. Буюк Британия ва Швейцария бетараф қолди, дея хабар қилмоқда Anadolu.

Фаластин ҳозирда БМТда “доимий кузатувчи давлат” ҳисобланади. Бу мақом унга Ташкилотнинг барча йиғилишларида қатнашиш имконини беради, бироқ у БМТнинг асосий органларида овоз бериш ҳуқуқига эга эмас.

2024 йил 2 апрелда Фаластин БМТ бош котибига 2011 йилда тақдим этилган БМТга аъзолик ҳақидаги аризасини қайта кўриб чиқишни сўраб мактуб йўллади. БМТ раҳбари сўровни қабул қилиб, уни Хавфсизлик кенгашига юборди, кенгаш 8 апрель, душанба куни очиқ йиғилишда масалани кўриб чиқди. Қоидаларга мувофиқ, Хавфсизлик кенгаши ушбу масалани янги аъзоларни қабул қилиш бўйича қўмитасига топширди.

Қўмита 8 апрель ва 11 апрель кунлари бўлиб ўтган йиғилишларида Фаластин таклифини муҳокама қилди, бироқ якдил қарорга келмади. 2011 йилда Қўмита Фаластиннинг икки ой давомида тўлиқ аъзо бўлиш ҳақидаги сўровини худди шундай натижа билан кўриб чиққан эди. Ҳар хил таклифлар, жумладан, оралиқ босқич ҳам илгари сурилди.

Шундай қилиб, 2012 йил 29 ноябрда Бош Ассамблея Фаластинга Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлмаган БМТ кузатувчи-давлати мақомини бериш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Бу қарорни ўз вақтида 138 та давлат қўллаб-қувватлаган ва 9 та давлат (Канада, Чехия, Микронезия, Исроил, Маршалл ороллари, Науру, Панама, Палау ва АҚШ) қарши чиққан эди. 41 делегация бетараф қолганди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.