17.07.2024 16:06

АҚШ Эронни Дональд Трампга суиқасд уюштиришда айбламоқда

Сўнгги ҳафталарда АҚШ ҳукумати Эроннинг Дональд Трампга суиқасд уюштириш мақсадидаги фитнаси тғрисида хабардор манбадан разведка маълумотларини олган. Бу ҳақда CNN манбаларга таяниб хабар бермоқда.

“Масладан хабардор манбаларнинг CNN га айтишича, сўнгги ҳафталарда АҚШ расмийлари Эроннинг Дональд Трампни йўқ қилиш режаси ҳақида маълумот олган, шундан сўнг Махфий хизмат собиқ президент атрофида хавфсизлик чораларини кучайтирган”, — дейилади телеканал хабарида.

Манбаларга кўра, шанба куни собиқ президентни ўлдиришга уринган Томас Метю Крукснинг фитнага алоқадорлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Кучайтирилган хавфсизлик чоралари шанба куни Пенсильвания штатининг Бутлер шаҳрида бўлиб ўтган митингда наф бермагани ва 20 ёшли йигитнинг қандай қилиб ўқ узиш учун яқин атрофдаги томга чиқиб олгани ҳақида янги саволлар туғдирмоқда.

Таъкидланишича, Разведка хизмати бир неча бор Трамп кампаниясини очиқ ҳавода митинглар ўтказишдан огоҳлантирган.

АҚШ Миллий хавфсизлик хизмати расмийсининг айтишича, Махфий хизмат ва Трамп кампанияси шанба кунги митинг олдидан таҳдиддан хабардор бўлган.

Трамп сайловолди кампанияси Эрон таҳдидидан хабардор бўлган-бўлмаганини ошкор қилмади.

“Биз президент Трампнинг хавфсизлик хизмати ҳақидаги маълумотга изоҳ бермаймиз. Барча саволлар АҚШ Махфий хизматига йўналтирилиши керак”, — дейилади кампания баёнотида.

2020 йил 3 январь куни Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг (ИИҚК) зарбдор Қудс кучларига раҳбарлик қилган эронлик генерал Сулаймоний Бағдод аэропорти яқинида АҚШ ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлган эди. Мазкур ракета зарбаси АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Трампнинг шахсий буйруғи билан амалга оширилганди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.