Давлат департаменти ҳисоботига кўра, Украинадаги уруш Америка қуролларига бўлган талабни кескин оширди ва қурол экспорти сўнгги молиявий йилда рекорд даражадаги 238 миллиард долларга етди.

Давлат департаментининг душанба куни эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, АҚШ ҳукуматининг хорижий ҳукуматлар билан операциялари айниқса 2023 молиявий йилда сезиларли даражада ошган. Уларнинг умумий қиймати 56 фоизга ошиб, 81 миллиард долларни ташкил этди.

Қолган 157,5 миллиард доллар Америка ҳарбий-саноат компанияларининг ўз мижозларига тўғридан-тўғри сотишидан тушган. Уларнинг ҳажми ҳам ошган, лекин катта миқдорда эмас: 2022 молиявий йилга нисбатан 2,5 фоизга.

АҚШ молия йили 1 октябрда бошланади.

E-2D Hawkeye самолёти.

Қайд этилишича, АҚШ қурол‑яроғларига бўлган талаб, айниқса, Россиянинг Украинага қарши уруши натижасида кескин ортди.

Америка қуролларининг асосий харидорларидан бири бўлган Польша Россиянинг Украинага ҳужумидан сўнг, ўз олдига Европадаги энг кучли қуруқликдаги армияни яратишни мақсад қилиб қўйган.

Польша 12 миллиард долларлик Apache вертолётлари, 10 миллиард долларлик HIMARS ракета тизимлари, 3,75 миллиард долларлик М1А1 Abrams танклари, тўрт миллиард долларлик ҳаво ва ракеталарга қарши мудофаа тизимларини сотиб олди.

Германия эса АҚШдан 8,5 миллиард долларга Chinook вертолётларини сотиб олди. Чехия 5,6 миллиардлик сўнгги русусмдаги F-35 қирувчи самолётлари ва ўқ-дориларини, Болгария – 1,5 миллиард қийматидаги Stryker зирҳли машиналарини, Норвегия – бир миллиард долларга кўп мақсадли вертолётларни буюртма қилган.

Chinook вертолёти.

Америка қуроллари ва ҳарбий техникалари Европадан ташқарида ҳам сотиб олинмоқда. Жанубий Корея 2023 молия йилида 5 миллиард долларга F-35 сотиб олди, Австралия 6,3 миллиард долларлик C130J-30 Super Hercules ҳарбий транспорт самолётларига буюртма берди, Япония эса E-2D Hawkeye разведка самолёти учун 1 миллиард доллар тўлайди.

Мавзуга алоқадор