Аҳмоқона қонун лойиҳаси тасдиқланса, янги партия тузаман – Маск
АҚШда демократлар ва республикачилар ўртасидаги сунъий қарама-қаршилик ўрнига ҳақиқий халқ овозини акс эттирадиган янги бир партия – ҳақиқий мухолифат ташкил этиш лозим. Бу ҳақда америкалик машҳур тадбиркор ва миллиардер Илон Маск маълум қилди.
Тадбиркорнинг айтишича, агар АҚШ президенти Дональд Трамп томонидан таклиф этилган "Ажойиб қонун лойиҳаси" деб номланган харажатлар ҳақидаги қонун қабул қилинса, эртаси куни у янги партия тузади.
"Агар бу аҳмоқона харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинса, эртаси куни янги "Америка партияси" тузилади. Айни дамда биз яккаҳокимликка асосланган давлатда яшаётганимизни тушунишимиз керак", деб ёзган у ўзининг X (Твиттер) саҳифасида.
Маълумот учун, Трампнинг "Ажойиб қонун лойиҳаси" АҚШ давлат қарзи чегарасини рекорд даражада – 5 трлн долларгача оширишни кўзда тутади.