27.01.2024 10:41

ҲАМАС Халқаро суд қарорини олқишлади

ҲАМАС ҳаракати БМТ Халқаро Судининг Жанубий Африка Республикасининг (ЖАР) ишғол остидаги Ғазо секторида геноцид даъвоси бўйича Исроилга қарши вақтинчалик чоралар кўриш ҳақидаги қарорини олқишлади. Бу ҳақда Anadolu ҲАМАСнинг ёзма баёнотига асосланиб хабар қилди.

"Биз халқаро ҳамжамиятни душманни (Исроилни) суд қарорларини бажаришга мажбурлашга ва халқимизга қарши давом этаётган геноцид жиноятини тўхтатишга чақирамиз", ­- дея таъкидлади ҳаракат.

Суднинг Исроилни геноцид, уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топувчи якуний қарорига кўра, Исроил расмийлари Халқаро Жиноят Суди олдига келтирилиши ва бу жиноятлар учун жавобгарликка тортилиши керак, дейилади баёнотда.

Худди шундай қарор Фаластин халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш, ўз мустақил давлатини барпо этиш ва фаластинликлар мажбуран чиқариб юборилган ерларга қайтиш ҳуқуқларини тан олишига йўл очиши ҳам кераклиги қайд этилди.

ҲАМАС ЖАРнинг Фаластин халқи ва унинг курашига нисбатан "олижаноб ва обрўли" позициясини юқори баҳолайди ва ушбу мамлакатнинг Тел-Авив устидан Халқаро судга даъво бериш қарорини қўллаб-қувватлаган барча давлатларга миннатдорчилик билдирди.

Халқаро судда Исроилга қарши суд

2023 йил 29 декабрда ЖАР Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенцияни бузганлиги учун Исроилга қарши Халқаро судга даъво аризаси билан мурожаат қилди.

Ҳар икки томоннинг судьялари тингланган суд мажлиси 11-12 январь кунлари Гаагада бўлиб ўтди.

Халқаро суд 26 январь, жума куни Исроилни Геноцид конвенциясига мос тушувчи хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш учун “барча зарур чораларни” кўриши, Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларни зудлик билан тўхтатиши ва қотиллик билан боғлиқ ҳар қандай хатти-ҳаракатлар, эксклав аҳолисига қарши ҳужумлар ва вайронагарчиликдан тийилиши кераклиги ҳақида қарор чиқарди.

Халқаро суд раиси Жоан Донохьюнинг таъкидлашича, Исроилнинг 7 октябрдан бери ҳаво, қуруқлик ва денгиз орқали амалга оширган ҳарбий амалиётлари жуда катта қурбонлар, фуқаролик инфратузилмаси вайрон бўлиши ва аксарият Ғазо аҳолисининг кўчирилишига олиб келди.

Суд Исроилга қарши геноцид айбловлари "оқилона даражада" исботланган деб қарор қилди.

Суд қарорига кўра, фаластинликлар Геноцид конвенциясининг иккинчи моддасида кўрсатилган этник ва диний гуруҳ таърифи доирасида кўриб чиқилиши мумкин. Суднинг таъкидлашича, Исроил ҳужумларига учраган Ғазо аҳолиси Геноцид конвенциясининг 2-моддасида кўрсатилган "ҳимояланган гуруҳ" таърифига мос келади.

Суд қарорига кўра, Ғазодаги ҳалокатли гуманитар вазият "доимий таҳдид" бўлиб, унинг олдини олиш учун суд чораларини кўриш керак.

Қарор бир овоздан – 15 нафарга қарши икки овоз билан қабул қилинди.

Бундан ташқари, Халқаро суд 16 та овозга 1 қарши овоз билан Исроилдан “Ғазо секторидаги ноқулай яшаш шароитларини” бартараф этиш учун шошилинч ва самарали чоралар кўришни талаб этишга қарор қилди.

Суд Исроилга бир ой ичида кўрилган чоралар ҳақида ҳисобот тақдим этишни буюрди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.