19.05.2025 14:56
177
Амалдорлар учун шоҳона таом, сигарет ва спиртли ичимликлар тақиқланмоқда, Хитойда
Хитой Давлат Кенгаши томонидан эълон қилинган янги йўриқномага кўра, давлат амалдорлари ва партия аъзоларига хизмат доирасида камёб ва қимматбаҳо таомлар (деликатес), сигарет ва алкогол маҳсулотларини истеъмол қилиш қатъиян ман этилди.
Шунингдек, уларнинг хорижий хизмат сафарларида катта харажатлар қилиши, аэропортларда меҳмонларни тантанали кузатиши, конференцияларда ҳашаматли безаклардан фойдаланиши ва пулларни ортиқча сарфлаши тақиқланяпти.
Бундан ташқари уларнинг хорижий сафарлар мобайнида қимор ўйинларида қатнашиши, катта зиёфатлар уюштириши ҳам чекланади.
Давлат ОАВлари бу қарорни "исрофгарчиликка қарши кураш ва тежамкорлик маданиятини ривожлантириш" деб атамоқда.
Таҳлилчилар эса буни Хитой ҳозирда катта иқтисодий босим остидалиги, АҚШ билан давом этаётган савдо уруши ва ички иқтисодий ўсишнинг секинлашувига боғлаяпти. Шунинг учун ҳукумат расмийлардан "тежамкор ҳаёт" кечиришни талаб қилмоқда.