11.05.2024 08:58

Aфрика давлатлари собиқ мустамлакачилардан товон пули талаб қилмоқда

Африка давлатлари узоқ йиллар давомида мустақиллик, қашшоқлик ва қулликдан маҳрум бўлган шафқатсиз эксплуатация учун собиқ мустамлакачилардан пул товонини талаб қилмоқда.

Собиқ мустамлакачилардан товон тўлашни талаб қилиш мавзуси Сан-Томе ва Принсипи Португалиядан товон пули талаб қилиш ниятини эълон қилганидан кейин яна долзарб бўлиб қолди. Тўрт асрдан кўпроқ вақт давомида Европа давлатлари қулликка сотиш учун 12,5 миллиондан ортиқ африкаликларни кемаларда олиб кетишди.

Aфрикаликлар Бразилия ва Кариб ҳавзаси каби Aмерикадаги мамлакатларга олиб келинди ва асосий инсон ҳуқуқларидан маҳрум бўлган шароитларда европалик кўчманчилар учун ишлашга мажбур бўлди.

Ўтган ҳафта Aфриканинг Сан-Томе ва Принсипи орол давлати ҳукумати мустамлакачилик сиёсати натижасида етказилган зарар учун Португалиядан товон пули талаб қилишини айтди.

Португалия 1486 йилдан 1975 йилгача Сан-Томе ва Принсипни мустамлака қилиб, минглаб одамларни қулликка айлантирди ёки кўчирди. 50 йилдан сўнг Португалия ҳукумати мустамлакачилик ўтмишини тан олиш орқали товон тўлаши мумкинлиги ҳақида хабар юбормоқда.

Португалия президенти Марсело Ребело де Соуса 23 апрель куни унинг мамлакати қул савдоси ва мустамлака даврида содир этилган жиноятлар учун масъул эканини ва товон тўлаши кераклигини айтганидан кейин Сан-Томе ва Принсипи ҳукумати товон пулини талаб қилиш ниятини эълон қилди.

Aнгола, Кабо-Верде, Гвинея-Бисау, Мозамбик каби мамлакатларнинг мустамлака қилиниши нафақат моддий зарарга, балки маданий обидаларнинг вайрон бўлишига ҳам олиб келди.

Олти миллионга яқин африкаликлар ўғирлаб кетилган, Португалия кемаларида Aтлантика бўйлаб мажбуран олиб ўтилган ва кўплаб мамлакатларда, асосан Бразилияда қулликка сотилган.

Гаитидаги ноҳукумат ташкилотлар Франциядан "мустақиллигини тан олиш эвазига" олган миллиардлаб доллар товон пулини тўлашни талаб қилмоқда.

Гаити 300 йиллик мустамлакачиликдан сўнг 1804 йилда мустақилликка эришган минтақадаги биринчи давлат бўлди.

1825 йилда Гаитини мустақилликка эришганидан кейин тан олган Франция мамлакатни катта миқдорда товон тўлашга мажбур қилди. Маблағлар 1947 йилгача мустақилликдан кейин йўқотилган даромадлар учун ҳар йили тўланиши керак эди.

Германия геноцидни тан олди

Германия Намибияга 2021 йилда бу мамлакатда содир этган геноцид учун 1,1 миллиард евро тўлашга рози бўлди.
1904-1908 йилларда Намибия Германиянинг Жануби-Ғарбий Aфрикадаги мустамлакаларидан бири бўлган даврда мамлакатнинг икки йирик жамоалари - Ҳереро ва Нама халқларининг қўзғолонларини бостириш чоғида ўн минглаб одамлар ҳалок бўлди.

Минтақада яшовчи 65-80 минг Ҳереро ва 20 минг Наманинг деярли ярми ҳалок бўлганлиги тахмин қилинмоқда.

2023 йил 26 июлда Нигерда ҳокимиятни қўлга олган хунта Франциядан “бир асрдан ортиқ мустамлакачилик ва табиий бойликларини талон-тарож қилгани учун” товон тўлашини истайди.

Мамлакат расмийларининг айтишича, Aфриканинг яқин тарихига оид барча архив маълумотлари ўрганилади ва французларнинг Нигерга тўплаган барча қарзларини тўлаш учун батафсил дастур тайёрланади.

Aфрика кун тартибида товон тўлаш талаблари юқори бўлса-да, Европа давлатлари бу борада турлича позицияда.

Британия бу борада чора кўришдан ўзини тияди, Франция, Германия ва Нидерландия эса мустамлакачилик даврида содир этилган жиноятлар учун жавобгарликни ўз зиммаларига олган кўринади.

Aфрика ва Кариб ҳавзаси давлатлари 2023 йилда Ганадаги саммитда Қулликни қоплаш учун глобал ҳаракатни бошлашга келишиб олдилар.

Шу билан бирга, Aфрика Иттифоқи Кариб ҳавзаси давлатлари билан ҳамкорликда Европа давлатларини “тарихий характердаги йирик жиноятлар” учун тўлашга ишонтириш учун “бирлашган фронт” тузди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.