13.05.2024 13:05

Афғонистонда 300, Индонезияда 27, Бразилияда 144 киши сув тошқинлари қурбони бўлди

Дунёнинг турли минтақаларида глобал иқлим исиши натижасида аномал сув тошқинлари содир бўлишда давом этмоқда. Айни пайтда Афғонистон табиий офатдан энг кўп зарар кўрган давлатлардан бўлиб турибди.

Жумладан, Боғлон вилоятида сув тошқинлари сабабли 311 киши ҳаётдан кўз юмди, 2011 та уй вайрон бўлди ва 2800 та уй зарарланди, дея хабар бермоқда БМТнинг Афғонистондаги ваколатхонаси. Тинимсиз ёғаётган ёғингарчиликлар сабабли мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам сув тошқинлари кузатилмоқда.

Африкада жойлашган Кения давлатида ҳам кучли ёмғир сабаб бўлган сув тошқинлари кузатилди. Қурбонлари сони 267 нафарга етди. Бу ҳақда журналистларга Кения Ички ишлар вазирлиги раҳбари Китуре Киндики маълум қилди.

Тахминан уч ҳафта олдин мамлакатни қамраб олган сел ва кучли ёмғирнинг бошқа оқибатлари натижасида 188 киши жароҳатланган, яна 75 киши бедарак йўқолганлар рўйхатида, деди вазир.

Вазирнинг сўзларига кўра, ноқулай об-ҳаво шароити қарийб 389 минг кишининг ҳаётига салбий таъсир кўрсатган, 56 минг оила ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Бразилияда кучли ёмғир сабаб бўлган сув тошқинларида ҳалок бўлганлар сони 144 кишига етди, 125 киши бедарак йўқолди.

Жанубдаги Рио-Гранде-ду-Сул штатида ўтган ҳафтадан бери давом этаётган кучли ёмғирдан кейинги сув тошқини туфайли қурбонлар сони ортиб бормоқда.

Штат фуқаролик мудофааси баёнотида айтилишича, қурбонлар сони 137 киши, бедарак йўқолганлар сони эса 125 кишини ташкил этмоқда.

Жароҳатланганлар сони 800 кишига етди. 2,1 миллиондан ортиқ одам тошқиндан жабр кўрди, 620 мингдан ортиқ киши бошқа жойга кўчишга мажбур бўлди.

Индонезиянинг Ғарбий Суматра провинциясида кучли ёмғир сув тошқини ва кўчкиларга олиб келди. Шанба куни бир неча соат давом этган кучли ёмғир Суматранинг энг фаол вулқони бўлган Марапи тоғидан пастга кул ва тошларни оқизиб келди.

Табиий офат Ғарбий Суматра провинциясининг Агами ва Танаҳ-Датар ҳудудларида юз берди. Икки ҳудудни сув босган, камида 100 та уй, масжид ва жамоат объектлари вайрон бўлган.

Расмийларга кўра, қурбонлар сони ортиши мумкин, чунки 18 киши бедарак йўқолган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.