26.05.2025 17:00
96
Афғонистон Россия ва Хитой билан долларда эмас, ўз миллий валютасида савдолашмоқчи
Афғонистоннинг савдо вазири Ҳожи Нуриддин Азизийнинг маълум қилишича, ҳукумат Россия ва Хитой билан долларсиз, миллий валюталарда савдо қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Руслар билан музокаралар илғор босқичда. Ўзаро ҳисоб-китобларнинг рубль ва афғонийда амалга оширилиши механизмлари ишлаб чиқилмоқда.
Хитой билан ҳам шунга ўхшаш таклифлар илгари сурилган ва Кобулдаги Хитой элчихонаси билан биргаликда ишчи гуруҳ тузилиб, вазиятни ўрганишга киришилган.
Афғонистоннинг Россия билан йиллик савдо ҳажми ҳозирда тахминан 300 млн долларни ташкил этади ва бу кўрсаткич нефть маҳсулотлари ва пластмасса импортининг ошиши билан юқорилаши кутилмоқда. Хитой билан эса йиллик савдо ҳажми тахминан 1 млрд долларни ташкил этади.
Бу ташаббуслар Россия ва Хитойнинг АҚШ долларига боғлиқликни камайтириш ва ўз миллий валюталарини халқаро савдода фаолроқ қўллаш ҳаракатларидир. Афғонистон эса халқаро молиявий ёрдамнинг қисқариши ва АҚШ доллари кириб келишининг камайиши фонида иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун муқобил йўл изламоқда.
Маълумот учун, 2021 йилда "Толибон" ҳокимиятга келганидан бери Афғонистоннинг молиявий сектори халқаро банк тизимидан деярли узилган. Шу сабабли, миллий валюталарда савдо қилиш ташаббуси мамлакат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга.