АДЛ бош котиби халқаро ҳамжамиятни исломофобияга қарши жиддий чора кўришга чақирди
Араб давлатлари лигаси (АДЛ) бош котиби Аҳмад Абу ал-Ғайт халқаро ҳамжамиятни исломофобияга қарши курашни кучайтиришга чақирди, деб хабар беради Arab News.
Бу баёнот 8 июль, сешанба куни Қоҳирада бўлиб ўтаётган Исломга нисбатан тоқатсизликка қарши халқаро конференцияда янграган.
Абу ал-Ғайт исломофобияни тинчлик, ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ҳамда қадриятларни паймол қилувчи хатарли ва оммалашиб бораётган иллат деб атаган.
Унга кўра, исломофобиянинг келиб чиқиши – ёлғон тарғибот, ғарб жамиятида Ислом асослари ҳақидаги етарли билимнинг йўқлиги ҳамда терроризмни нотўғри талқин қилишга боғлиқ.
Бош котиб ОАВни воқеаларни бир томонлама ёритишда айблаб, бу ҳолат салбий стереотипларни тарқатиши, экстремистик кайфиятни кучайтириши ва диний ҳамда миллий жамоалар ўртасида бўлинишга олиб келишини айтиб ўтди.
Қоҳирадаги конференцияда Араб давлатлари лигаси, Ислом таълим, фан ва маданият бўйича жаҳон ташкилоти, Ал-Азҳар университети, бир неча насроний ташкилотлар ва араб дунёси мамлакатлари вакиллари иштирок этган.