16.04.2024 08:28

Абу Ғрайб қамоқхонасининг собиқ маҳбуслари илк бор АҚШ ҳарбийларини судга бериш имконига эга бўлди

15 апрель куни Ироқнинг Абу Ғрайб қамоқхонасининг омон қолган баъзи маҳбуслари ниҳоят Америка судида қийноқлар учун жавобгар деб ҳисобланаётган ҳарбий пудратчига қарши даъво билан чиқиш имкониятига эга бўлишди, деб ёзмоқда TRT. Абу Ғрайбдан омон қолганлар биринчи марта Америка ҳакамлар ҳайъатига ўз даъволарини тақдим этиш имкониятига эга бўлишди.

Йигирма йил муқаддам Ироқнинг Абу Ғрайб қамоқхонасида америкалик аскарларнинг жилмайиб тургани фонида таҳқирланган маҳбуслар суратлари тарқала бошлади ва бутун дунёни ларзага солган эди.

2004 йилда эълон қилинган суратларда даъвогарлар шахсини аниқлаш имконсиз, аммо уларнинг шафқатсиз ва ғайриинсоний муомала ҳақидаги таърифлари ҳайратда қолдиради.

Жумладан, Суҳайл аш-Шимари икки ойлик қамоқда бўлганида бошидан кечирган жинсий ҳужумлар ва калтаклар ҳақида сўзлаб берган. Шунингдек, у электр токи билан қийноққа солинган ва бўйнига боғланган арқон билан қамоқхона атрофида судраб юрилган.

Ал-Жазиранинг собиқ мухбири Салоҳ ал-Эжайлининг айтишича, у қора суюқлик қусишига сабаб бўлган стрессга дучор бўлган. Шунингдек, уйқудан маҳрум қилинган, аёлларнинг ички кийимини кийишга мажбурланган ва итлар билан таҳдид қилинган.

Қамоқхонани сўроқ қилувчилар билан таъминлаган пудратчи CACI компанияси ҳар қандай қонунбузарликни рад этиб, ходимларининг зўравонликка бевосита алоқадор эмаслигини таъкидлайди.

Бироқ даъвогарлар CACI компаниясини қийноқларга олиб келган шарт-шароитларни яратганлик учун жавобгарликка тортишни талаб қилиб, ҳукумат текширувлари натижаларига кўра, САСИ пудратчилари ҳарбий полицияга маҳбусларни сўроқ қилиш услубларини «юмшатиш» бўйича кўрсатма бергани ҳақидаги далилларни келтирмоқда.

Маълумот учун, 2003 йилда АҚШнинг Ироққа бостириб кириши ортидан Америка ва унинг коалициядаги иттифоқчилари 2003-2009 йилларда 100 мингга яқин ироқликни қамоқларда ушлаб турган.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.