19.06.2024 15:53

24 йил деганда Шимолий Кореяга борган Путин Ким билан нималарга келишди?

18 июнь куни тунда Россия президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан Шимолий Кореяга борди. Уни аэропортда шахсан КХДР давлат раҳбари Ким Чен Ин кутиб олди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, бу Путиннинг 24 йил деганда Шимолий Кореяга уюштирилган иккинчи ташрифидир. Унинг биринчи расмий ташрифи президентлик муддати бошида, 2000 йил амалга оширилган. Ўшанда у Шимолий Кореянинг ҳозирги раҳбарининг отаси – Ким Чен Ир билан учрашган ва икки мамлакат ҳамкорлиги тўғрисида қўшма декларация қабул қилинган эди.

КХДРнинг ҳозирги раҳбари Ким Чен Ин эса икки марта Россияга борган, охиргиси – 2023 йил кузига тўғри келиб, ўшанда Владимир Путин билан "Восточний" космодромини томоша қилганди. Худди шу сафарида Ким Путинни Шимолий Кореяга таклиф қилганди.

Экспертларнинг фикрича, Россиянинг Украинага босқинининг учинчи йилида бир-бирини зарур воситалар билан таъминловчи Шимолий Корея ҳамда Россиянинг ўзаро алоқалари янада кучайган. 

Бунга ташрифнинг иккинчи – 19 июнь куни Путин ва Ким Чен Иннинг Пхеньянда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш тўғрисидаги битимни имзолагани ҳам мисол бўла олади. 
"Бошқа нарсалар қатори, ҳужжат иштирокчилардан бирига тажовуз содир бўлган тақдирда ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутади", – деди Путин чоршанба куни Ким Чен Ин билан музокаралар якунлари бўйича.
Россия президенти АҚШ ва бошқа НАТО давлатларининг Украинага Россия ҳудудига зарба бериш учун юқори аниқликдаги узоқ масофага учувчи қурол тизимлари, F-16 қирувчи самолётлари ва шу каби бошқа қурол ҳамда жиҳозлар етказиб берилиши ҳақидаги баёнотларига ҳам эътибор қаратди. 

"Буларнинг барчаси Ғарб давлатлари томонидан турли хил халқаро мажбуриятлар доирасида ўз зиммаларига олган чекловларни қўпол равишда бузишдир", – дея қўшимча қилди Россия етакчиси. 

КХДР етакчиси эса шартнома "фақатгина тинчликсевар ва мудофаа характерига эга" эканини ва икки давлат халқлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилганини айтди. 

"У янги кўп қутбли дунёни яратишни тезлаштирадиган ҳаракатлантирувчи кучга айланишига шубҳам йўқ. Замон ўзгарди. Шунга яраша КХДР ва Россия Федерациясининг глобал геосиёсий тузилмадаги мақоми ҳам ўзгарди", – деган Ким Чен Ин.

Рус нашрларининг ёзишича, Пхеньянда имзоланган кенг қамровли стратегик шериклик шартномаси СССР ва РФ Шимолий Корея билан 1961, 2000 ва 2001 йилларда имзоланган асосий ҳужжатлар ўрнини эгаллайди ҳамда узоқ муддатли истиқболда икки томонлама муносабатлар асосини ташкил этувчи асосий ҳужжатга айланади.

Ғарб бу Россиянинг Украинага қарши уруши фонида Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликнинг янада чуқурлашишига олиб келишидан хавотирда. Путиннинг КХДРга ташрифи натижасида Ким Чен Ин Россияга ўқ-дорилар етказиб бериш ҳажмини оширишга қарор қилиши мумкин.  

Жумладан икки томонлама муносабатларнинг "янги даври" бошланаётганини таъкидлаётган Путин ва Ким бир-бирлари билан совғалар алмашди. Путин Ким Чен Инга янги "Аурус" автомобили, адмираллик ханжари ва сервиз совға қилди, Ким эса Россия президентига "бир қанча санъат асарларини" топширди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.