09.12.2023 19:54

САЛОМГА АЛИК ОЛМАСЛИК

CАВОЛ:  Ассалому алайкум ҳурматли устозлар. Аллоҳ таоло бошлаган ишларингизни хайрли қилсин. Саволим шуки, саломга алик олмаслик гуноҳ деб эшитдим. Шу тўғрими?
ЖАВОБ: 
Ва алайкум ассалом. Салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш вожибдир. Икки мўмин бир-бирига дуч келганида, хоҳ таниш, хоҳ нотаниш бўлсин, салом беришлари савобли ишлардан ҳисобланади. 
Саломни «Ассалому алайкум» ёки «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ» деб тўлиқ айтиш лозим. Жавобда «Ва алайкум ассалом» ёки «Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ» дейилади. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: 
 «Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ҳисобга олувчи зотдир» (Нисо сураси, 86-оят).
Абдуллоҳ ибн Ҳорис разияллоҳу анҳу: «Агар бир киши бир қавмга салом берса, унга бир даража фазл бўлади. Агар қавм унга алик олмаса, фаришталар унга алик олишади ва у қавмни лаънатлашади», деган. 
Агар бир киши бошқа кишига бировдан салом айтиб юборса, ўртадаги одам саломни етказса, дарҳол жавоб бериш вожиб. Агар мактубда салом битилса, у ҳолда ҳам жавоб лозим бўлади. Баланд овозда салом берилади ва жавоб ҳам салом берувчига эшиттирилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Саломни ораларингизда ёйинглар», деганлар. Зеро, салом бериш билан бир-биримизга соғлик ва тинчлик неъматларини тилаймиз. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
https://t.me/diniysavollar/48

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.