Аёллар “эркинлиги”ми ёхуд аёллардан фойдаланиш “эркинлиги”?
Афғонистонда Толибон ҳукумати томонидан жорий этилаётган кўпчилик қарорлар айрим оммавий ахборот воситаларига мусулмонлар ўлкаларида "аёллар эркинлиги"га нисбатан шубҳа-гумонларни янада кучайтириш учун катта имконият яратиб бермоқда. Аслида бу ахборот воситалари аёллар эркинлиги деганда нимани назарда тутишади?
Турли ОАВ ва ижтимоий тармоқ платформаларининг "аёллар эркинлиги" масаласида “беғуборлик” ва “покдомонлик” билан жар солиши, ҳар хил маданият вакилларига унинг ғарбга хос кўринишини тиқиштиришга ҳаракат қилиши мустақил фикр ва танқидий-таҳлилий ёндашувга эга ҳар кимнинг ғашига тегиши аниқ. Аслида эса аёллар эркинлиги деганда одатда бошқачароқ нарса назарда тутилади. Аёллар эркинлиги деганда улар гўёки эркакларнинг аёл танаси гўзаллигидан баҳраманд бўлишлари, уларни эксплуатация қилиш ва барча хизматлар, шу жумладан, маркетинг учун ҳам улардан истаганча фойдаланиш эркинлигини кўзда тутиб, бу йўлда қаттиқ, тиниб билмай ҳаракат қилишади. Аёлларни кийимларини ечишга мажбурлаш дунёвий эркак киши учун ёқимли бир жараёнлигини инкор этиб бўлмайди. Агар эркакларга аёллар борасида эрк берилса, улар билан кўнгиллари тусаганча ўйнашиш имконига ҳам эга бўладилар-да.
Эркаклар ҳукмронлик қиладиган бозор шуни жуда яхши тушунадики, инсоннинг бозорга бўлган энг фойдали муносабати, бу – икки жинс ўртасидаги жисмоний тортишишдир. Улар бу жозибадан фойдаланиб, триллионлаб доллар ишлаб топишди. Мана шу тарзда ҳозирги даврда аёлларнинг барча хизматлари бозорда мутлақо эркин ҳолда мавжуд ҳисобланади. Уларнинг ўзаро тобора яқинлашуви кийим-кечакдан тортиб пардоз-андоз саноатигача, меҳмонхона хизматидан тортиб туризмгача, оммавий ахборот воситаларидан тортиб кўнгилочар маҳсулотларгача бўлган барча турдаги бозорлар учун улкан фойда келтиради.
Эркаклар роҳатланади, аёллар азият чекади
Ушбу "эркинлик"дан азият чекадиганлар барибир ўша аёлларнинг ўзлари ва уларнинг болалари бўлади, гарчи пировардида бундан бутун жамият жабр кўрса-да. Аёллар ҳомиладор бўлишади, сўнг болаларини аборт қилишларига тўғри келади, агар туғишга мажбур бўлсалар, ёлғиз она сифатида уларга қараш мажбуриятини гарданларига олишади. Эркаклар ҳам, аёллар ҳам жинсий йўл билан юқадиган касалликларга чалинишса-да, аёллар анатомияси туфайли уларни аниқлаш эҳтимоли кўпроқ. Ва айнан улар жиноятлар, жумладан, зўрлашларга осонгина тобе бўлишади. Ушбу эркинлик туфайли жинсий йўл билан юқадиган касалликлар ҳатто энг илғор тиббий ёрдам тизимига эга бўлган мамлакатларда ҳам жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда.
Сўнгги ўттиз йил ичида ўттиз саккиз миллиондан ортиқ одам ОИТСдан вафот этди ва тахминан саксон миллион одам ҳали ҳам ўлим билан курашмоқда. Шунга қарамай, ҳар йили бир миллион одам ОИТСдан вафот этади ва, албатта, бу рақам "эркинлик" кенгроқ бўлган ҳудудларда камроқ бўлганларидан анча кўп. Аммо оммавий ахборот воситалари жинсий муносабатлар бозори зарар кўрмаслиги учун бу ўлимларни ҳеч қачон ёритмайди. Аёллар ва болалар катта зарар кўради. Қуйида ЖССТ маърузаси Абстрактидан парча келтирилган. Бу "Эркинлик" жинс нуқтаи назаридан нима олиб келиши ҳақида бизга маълум бир тасаввур беради:
ОИВ/ОИТС билан касалланиш ҳолатлари ва катталар ўртасида ўлим ҳолатлари — гетеросексуал юқиш ҳолати бундан мустасно — эркаклар орасида юқори. Болалар ўртасида ОИТС ўғил болаларда қиз болаларга нисбатан баландроқ. Гетеросексуал трансмиссия туфайли катталар учун жинс тафовутлари вақт ва жойга қараб фарқ қилади. Қўшма Штатларда аёллар сони эркаклар сонидан анча кўп..."
Жанубий Африканинг яна бир ҳисоботига кўра, "минтақада (Ўрта ва Жанубий Африка) ОИВ билан касалланган одамларнинг 58 фоизини аёллар ташкил қилади. Агар Ғарб мамлакатларида, айниқса Европада бу тенденция бироз ўзгаришни кўрсатса, бу гомосексуализмнинг кўпайиши ва эркаклар томонидан наркотикларни тез-тез истеъмол қилиш билан боғлиқ. Аёллар иштирок этган жойда улар кўпроқ азият чекишади.
Она қорнидаги болаларни зўрлаш ва шафқатсизларча ўлдириш
Ҳар йили аёллар томонидан 50-70 миллионта чақалоқ аборт қилинади, аммо ҳеч ким туғилмаган одамларга нисбатан бу шафқатсизлик ҳақида гапирмайди. Аёлларга нисбатан юз минглаб марта зўравонлик содир этилади, аммо ҳеч ким бунинг ҳақиқий, асл сабаблари ҳақида гапирмайди, негаки, бу сабаблар катта бозорлар, шу жумладан алкогол маҳсулотлари ва жинсий муносабатлар бозори билан боғлиқ.
"Консервативроқ" мамлакатларда "зўрлашлар" сонини ошириш учун улар "ажойиб" ғояни ўйлаб топишди: эрларнинг хотинларига нисбатан зўравонлик шикоятларини ҳам "зўрлаш" сифатида ҳисобга олиш. Шундай бўлса-да, Америка ҳар йили зўрлашлар сони бўйича дунёда етакчи ўринни бой бермай келмоқда, Жанубий Африка каби мамлакатларда эса аёлларнинг тўртдан бир қисмидан кўпроғига зўрлашга уриниш ҳаракатлари содир этилган.
Аёлларга эмас, эркакларга нисбатан исломий чекловлар
Мусулмон мамлакатларида, хоссатан Саудия Арабистони, Қувайт, Қатар ва БАА каби ислом ҳуқуқий тизими амал қиладиган давлатларда жиноятчилик даражаси ҳақиқатан ҳам анча паст. Шунга қарамай, баъзи тоифалар исломни гўёки аёллар эркинлигини чеклайди деб танқид қилишади. Улар Ислом тизимидаги аёлларга нисбатан чекловлар аслида эркакларга нисбатан чекловлар эканлигини билишмайди ёки билмасликка оладилар. Эркакларга аёллар танасидан роҳатланиш тақиқланади. Аёллар қаерда бўлмасин хавфсизлик истаса, бу ҳақиқий исломий тизимларда мавжуд. Бу ерда уларнинг зўрланиш ва ўғирланиш қурбони бўлиш, маъшуқа ва фоҳишага айланиш эҳтимоли анча кам, мажбурий аборт қилиш эҳтимоли ҳам паст, ҳатто ажрим эҳтимоли-да жуда паст. Болалар ҳам ислом диёрларида хавфсизроқ, зеро уларда аборт қилиниш, ёлғиз она ёхуд ғайритабиий ҳамда бир жинсли ота-оналар билан яшаш эҳтимоли жуда кам.
Услубда эркинлик ва натижаларда эркинлик
Дунё агарда услубдаги эркинлик ва натижалардаги эркинлик ўртасидаги фарқни илғаганида эди, бу инсониятнинг хавфсиз ва соғлом яшашини кафолатлаган бўларди. Афсуски, улар учун услублардаги эркинлик муҳимроқ, гарчи бу пировардида эркинликнинг ўзига катта шикаст етказса-да. Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш учун йўл ҳаракатида чекловлар бўлиши шарт. Агар йўлларда "эркинлик" берилса, натижа тартибсизлик бўлади. Йўл-транспорт ҳодисаларида ўлим ҳолатларининг аксарияти маст ҳолда ҳайдаш оқибатида содир бўлиши ажабланарли эмас. Технологияда ҳам яхши натижалар қатъий методологияни талаб қилади. Агар жамиятни касалликлар, жиноятлар ва тартибсизликлардан ҳимоя қилиш керак бўлса, барча турдаги хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ қонунларни ҳарфма-ҳарф, моддама-модда ва амалда қатъий қилишдан бошқа чора-ю илож йўқ. Муҳаммад Довуд