23.11.2024 17:00
Трамп миллиардерларга лавозим берди. АҚШда ҳам «бой бойга боқади»ган замон келдими?
Дональд Трамп АҚШдаги президентлик сайловида ғалаба қозонганидан сўнг, ўз маъмуриятини шакллантиришни бошлаб юборди. У аллақачон ўндан ортиқ шахсларни муҳим лавозимларга тайинлаган. Ушбу тайинловлар Трампнинг АҚШ президенти сифатида келгусида қандай сиёсат юритишини прогноз қилиш имконини беради.
Эътиборлиси, Дональд Трамп сайловда ғалаба қозонганидан бир ҳафта ўтиб, уни қўллаб-қувватлаган инсонларни муҳим лавозимларга тайинлашга киришди. Жумладан, Трамп ўзига сайлов жараёнларида кўмак берган миллиардерлар – Илон Маск ва Вивек Рамасвамини янги департаментга раҳбар этиб тайинлашини маълум қилди.
Шундан сўнг, қатор нашрлар миллиардерларнинг АҚШ ҳукуматида кенг кўламли ислоҳотлар ўтказмоқчилиги ҳақида ёзди.
Қайд этилишича, тадбиркорларнинг асосий мақсади – давлат харажатларини камайтириш, давлат аппаратини қисқартириш ва иқтисодиётни тартибга солишдан воз кечишдир. Улар Оқ уй билан ҳамкорликда бюрократияга барҳам бериш, ортиқча қоидаларни йўқ қилиш ва федерал агентликларни қайта қуриш учун ишлайдиган бўлим яратишни таклиф қилишган. Маск ва Рамасвами ўзгаришларни президент кўрсатмалари орқали «ноқонуний» қоидаларни йўқ қилиш, кейин эса давлат ходимлари сонини қисқартириш, федерал идоралар ишини тартибга солишдан бошламоқчи.
Ислоҳот давлат хизматчилари сонини қисқартириш, ортиқча амалдорларни вазифасидан бўшатиш ва хусусий секторда иш топишга ёрдам беришни ўз ичига олади. Шунингдек, айрим давлат идораларини Вашингтондан кўчириш ва беш кунлик иш ҳафтасини жорий этиш ҳам таклиф қилиняпти.
Эътиборлиси, яқинда Дональд Трамп Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу мулоқотда Маск ҳам иштирок этган. Бу эса тадбиркорнинг АҚШ президентига таъсир даражаси кучлилигидан дарак беради. Айни пайтда сайёрамизнинг энг бой инсонига айланган Илон Маск, шубҳасиз, Трампнинг сайловлардаги ғалабасига катта ҳисса қўшганини ҳам айтиш жоиз. Трамп халқ овози билан нафақат Оқ уйни, балки Сенат ва Вакиллар палатасини ҳам қўлга киритди. Ҳатто расман Оқ уйга киришидан олдин, Трамп Маскка АҚШ федерал агентликларининг таъсирини камайтириш учун «Ҳукумат самарадорлиги департаменти» портфелини топширди. Бу қадам АҚШ бюджети тақчиллигини (2024-молиявий йил учун 1,84 триллион доллар) қисқартириш баҳонаси билан амалга оширилди.
Илгари ўзининг электромобиллари (TESLA) ва коинотни тадқиқ этувчи компанияси (Space X) билан машҳур бўлган Маск Twitter'да ўз сиёсий қарашларини ҳам эълон қилиб бораётганди. Бироқ, 44 миллиард долларлик битим эвазига Twitter'ни сотиб олиб, уни «Х» деб қайта номлаган Маск Х'нинг «жуда сўлчи ва либерал йўналиш олгани»ни ҳис қилди. Шу сабабли, у ижтимоий тармоқнинг кўплаб тақиқланган аккаунтларини, жумладан, 2021 йил 6 январдаги исёндан сўнг тақиқланган Трампнинг аккаунтини ҳам тезда қайта тиклади.
Маск ўнг қанот Х аккаунтларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, консерватизм ва анти-либерал дунёқараш фойдасига маданий ва сиёсий курашга бел боғлади. Тадбиркор собиқ «Твиттер»ни сотиб олишидан асосий мақсади сўз эркинлигини ҳимоя қилиш эканини айтган бўлса-да (АҚШ Конституциясининг биринчи тузатиши), кўплаб ички ҳисоботлар ва мустақил журналистларнинг баҳоларига кўра, Х (собиқ «твиттер») дезинформация, нотўғри маълумотлар ва сохта янгиликлар тарқатишга хизмат қилган. Шу билан бирга, платформада Маскнинг қарашларига тўғри келмайдиган ҳар қандай танқидий овоз ўчирилмоқда.
Америкалик кузатувчиларининг фикрича, Х Трампнинг ғалабасида мисли кўрилмаган роль ўйнаган. Бу ерда алгоритмлар «Келинг, Американи яна буюк қилайлик!» шиори остида Трампнинг кун тартиби ва унинг шахсини улуғловчи янгиликлар ва маълумотлар тарқатилган. Бу ҳолат либераллар Камала Ҳаррисни қўллаб-қувватлаган анъанавий оммавий ахборот воситаларидан тубдан фарқ қилади. Республикачи номзод АҚШнинг етти штати – Аризона, Мичиган, Пенсильвания, Жоржия, Шимолий Каролина, Висконсин ва Невада штатларида рақибини мағлуб этишида Маск ижтимоий тармоғи омилини ҳисобга олмаслик хато бўлади.
Бундан ташқари, Маск ўша штатларда 200 миллион доллар сарфлаб, сайловчиларни Трампга овоз беришга ундаш орқали уни молиявий жиҳатдан ҳам қўллаб-қувватлаганди. У «Америка демократияси Трампсиз яшай олмайди» ва «демократлар сизнинг қуролга эга бўлиш ҳуқуқингизни тортиб олиши мумкин» каби баёнотлар берди ҳамда сайловчиларни кўп маротаба Трамп номзодига овоз беришга чорлади. Натижада, Трамп ва Маск ўртасида Америка сиёсати, иқтисодиёти ва жамиятини сезиларли равишда шакллантириш мумкин бўлган ўзига хос алоқа қарор топди.
Шуларга қарамай, танқидчилар Маскнинг Трамп билан алоқалари бизнес манфаатларидан келиб чиқиб йўлга қўйилгани ҳақида гапиришмоқда. Уларнинг таъкидлашича, тадбиркорнинг TESLA, Space X каби компаниялари ҳукуматнинг турли сиёсатларидан фойда кўрди ва унинг Трамп билан муносабатлари мафкуравий мослашувдан кўра молиявий манфаатга асосланиши мумкин.
Ўз навбатида Маск ҳам Трампнинг адолатсиз сиёсати – мусулмонлар учун АҚШга саёҳатни тақиқлаш ва Исроилнинг Фаластиндаги геноцидини қўллаб-қувватлашига қарши эмас.
Сабаби 7 октябрь воқеалари ва Фаластиндаги қирғин авжига чиққанидан буён иккала тадбиркор ҳам ҲАМАС қаршилик ҳаракати ва мусулмонларни уруш бошлашда айблаб келади. Улар узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган Исроилнинг фаластинликларга нисбатан зулми ҳақида гапиришни исташмайди. Аслида, ўтган асрнинг 40-йилларидан бери сионистларнинг қотилликлари, босқинчилик ҳаракати ва ирқий камситишлари давом этиб келмоқда. Бойлик ва роҳат қучоғида яшашни ўзининг олий мақсади деб биладиган Трамп ва Маск сингари америкаликлар буни билса-да, ҳақиқатни тан олишни истамайди.
Хулоса қилиб айтганда, Трамп ўз атрофига маслакдошларини йиғиш баробарида ўзининг иккинчи муддатида ҳам аввалги сиёсатини давом эттириши ва баъзи соҳаларда янада кучайтиришга ҳаракат қилиши кутилмоқда. Унинг сионистлар билан бир тан-у жон эканлиги, аввалги президентлик даврида Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб тан олиш ҳақидаги баҳсли қарори ҳам шулар жумласидандир.