Исроилнинг Ливан Ҳизбуллоҳ”ига қарши уруши яқин орада Суриянинг ҳам ушбу можарога тортилиш эҳтимоли ҳақидаги қарашларни юзага келтирмоқда. Унинг Ливан билан географик яқинлиги АҚШ ҳомийлигидаги яҳудий давлатининг Шом диёрига кучлироқ ҳужумни бошлашига сабаб бўлиши мумкин.

Тарихга назар солсак, Ливан ва Сурия умумий чегара ва маданий алоқалари туфайли сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан бир-бирига чамбарчас боғлиқ бўлган. Бу нафақат маҳаллий кучлар, балки минтақага Эрон, АҚШ ва Россия каби глобал ўйинчиларнинг таъсири туфайли урушнинг Ливан чегарасидан ташқарига ёйилиши тўғрисидаги хавотирларни пайдо қилади.

Сурия ва Ливандаги можаролар кўп ҳолларда бир-бирига кўчиб ўтган. Мисол учун, Суриядаги фуқаролар уруши Ливанга ҳам ҳалокатли таъсир кўрсатиб, жиддий иқтисодий инқироз даврини бошлаб берган.

Шунингдек, сўнгги ўн йил ичида Ливан деярли 1,5 миллион суриялик қочқинни қабул қилган. Бу эса мамлакатнинг инфратузилмаси ва давлат хизматларига катта босимни вужудга келтирди. Исроил босқинчилари Ливанни бомбалаётган бир пайтда, маҳаллий аҳоли Сурияга қараб қочиши ва шундоқ ҳам беқарор бўлган мамлакатдаги вазиятни буткул издан чиқариши мумкин.

Кузатувчиларнинг фикрича, Исроил ва Ҳизбуллоҳ уруши аллақачон Сурияга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Хабарларга кўра, айни пайтда 250 мингдан ортиқ ливанлик Шомга қочиб ўтган. Бу оқим аввалги нотинчликлардан сўнг ўзини тиклаб улгурмаган Суриядаги сиёсий-иқтисодий инқирозни янада чуқурлаштирмоқда. 

Бундан ташқари, Исроил бир неча бор мамлакат ҳудудига ҳаво ҳужумини уюштириб, Ҳизбуллоҳ ва Эрон Ислом инқилобий гвардияси корпусига алоқадор дея иддао қилинган бино ва иншоотларни нишонга олди. Ҳозиргача расмий Дамашқ ушбу зарбаларни фақат оғзаки қоралаб, Исроилга жавоб қайтаришдан ўзини тиймоқда. Бироқ Исроилнинг Сурия ҳаво ҳудудидаги ҳарбий операциялари давом этса, бу охир-оқибат кучлироқ реакцияни келтириб чиқариши мумкин.

Сурия раҳбариятига кўра, Ливандаги можарога тўғридан-тўғри аралашиш унинг стратегик манфаатларига мос келмайди. Ҳукумат ҳали ҳам ўзининг ички муаммоларидан ортмаяпти: хусусан унинг баъзи ҳудудлардаги ҳокимияти ҳамон мунозарали. Суриянинг Исроил билан тўғридан-тўғри урушга кириши фуқаролар уруши тугаганидан бери эришилган мўрт ютуқларни ҳам барбод қилади. Бундан ташқари, урушнинг бошқа салбий таъсирлари ҳам мавжуд. Янги можаро фуқаролар урушидан сўнг эндигина иқтисодий аҳволини яхшилаётган мамлакатнинг буткул силласини қуритиши тайин.

Айниқса, Сурия ҳукумати Исроилга қарши уруш ички қўзғолонларни авж олдиришидан чўчияпти. Баъзи гуруҳлар бундай тартибсизликлардан фойдаланиб, қайта уюшиши ва ҳукумат учун жиддий хавфга айланиши мумкин.

Шу пайтгача ҳам Сурия Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги тўқнашувлардан ўзини четга олишга уринган. 2006 йилда “Ҳизбуллоҳ” ва Исроил ўртасидаги урушда Сурия шиа ҳаракатини дипломатик ва логистик жиҳатдан қўллаб-қувватлаган бўлса-да, бевосита жангга кирмаган. Бу стратегик бетарафлик Сурияга Исроил билан тўғридан-тўғри урушнинг ҳалокатли оқибатларидан сақланиш имконини беради.

Бироқ бугунги кунда минглаб ливанлик қочқинлар Сурия ҳудудига бориши оқибатида, мамлакатнинг чекланган ресурслари янада зўриқяпти.

Айтиш жоизки, урушлар ўз табиатига кўра, башорат қилиб бўлмайдиган ҳодисадир. Шу боис Ливандаги урушнинг Шом диёрига ёйилиши хавфи доимо мавжуд, десак хато бўлмайди.

Бундан ташқари, Сурия Исроил ва Эрон ўртасидаги прокси можаролар учун жанг майдонига айланиши мумкин. Форс давлати сионистлар билан тўғридан-тўғри тўқнашувдан қочиб, Сурия ҳудуди орқали Исроилга зарба берса, мамлакат ўзи истамаган ҳолда урушга аралашиб қолиши мумкин.

Мавзуга алоқадор