Қонунчилик палатаси депутатлари чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистонда бўлишини номақбул деб топиш асослари ва тартибини белгиловчи қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

Қонун лойиҳаси бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси асосида ишлаб чиқилган. У “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

У билан Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи мазмундаги оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш шахсни Ўзбекистон Республикасида бўлишини номақбул деб топиш учун асос бўлиши белгиланмоқда.

Шунингдек, мазкур тоифадаги чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга беш йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришишни тақиқлаш таклиф этилмоқда. Қонун лойиҳасида мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларни депортация қилиш асослари ва тартиби ҳам назарда тутилган.

Мавзуга алоқадор