Париждаги Олимпиадада бронза медалини қўлга киритган қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек уулуга мусобақалар вақтида секундантлик қилган ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасанов Чингиз Айтматов медали билан тақдирланди. Бу ҳақда 24.kg “Чингиз Айтматов номидаги Иссиқкўл форуми” халқаро жамоат бирлашмаси бош котиби Ассол Молдокматовага таяниб маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, гуманизм, бағрикенглик, инсонпарварлик ва халқ дипломатиясининг юксак савияси учун ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасановни мукофотлаш тўғрисидаги қарор 5 август куни қабул қилинган.

“Акмалга инсонийлигингиз, биродарлик муносабатингиз учун раҳмат айтамиз. Қадрлаймиз, ҳурмат қиламиз, олқишлаймиз. Ташрифингизни интиқлик билан кутамиз. Сиз барча мақтов ва мукофотларга лойиқсиз”, — деди Ассол Молдокматова.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон тарихида илк бор Олимпиада ярим финалига чиққан боксчи Мунарбек Сейитбек уулу учун ўзбекистонлик мураббий Акмал Ҳасанов секундант бўлиб ҳаракат қилганди.

Боксчининг шахсий мураббийи эса виза ва ташкилий муаммолар сабабли Қирғизистон делегацияси рўйхатига киритилмай қолганди.

Акмал Ҳасановнинг ўзи ОАВга Мунарбек Сейитбек уулунинг Ўзбекистонга йиғинга тез-тез келиб, ўзбекистонлик спортчилар билан машғулотларда иштирок этгани учун танишини айтган.

“Мунарбек биз билан машғулот ўтказди, Олимпиадага бир ўзи келди. У мендан ёрдам беришимни илтимос қилди. Қўшни давлатларимиз дўстона муносабатларга эга экан, биз унга ёрдам беришдан хурсанд бўлдик. У тарихга кирди ва Қирғизистон тарихидаги бокс бўйича биринчи Олимпиада совриндори бўлди”, — деди Акмал Ҳасанов.

Мутахассис қирғизистонлик боксчига рақибларни таҳлил қилиш ва машғулотларда ёрдам бераётганини маълум қилган.

Мавзуга алоқадор