Британиялик ашаддий исломофоб қамалди
Томми Робинсон номи билан танилган Стивен Яксли-Леннон суд тақиқини қайта-қайта бузгани учун 18 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У аввалроқ суриялик қочқин Жамол Ҳижозийга нисбатан очилган туҳмат ишида ютқазганди ва унга 100 минг фунт стерлинг миқдорида товон пули тўлаш юклатилган эди.
"Ҳеч ким қонундан устун эмас, - дея таъкидлади судья Жонсон. - Бугунги кунгача қилган барча ҳаракатлари у ўзини қонундан устун деб ҳисоблаганидан далолат беради".
Робинсон 2021 йилги Олий суд қарорини 10 марта бузганини тан олди. У Жамол Ҳижозий "бегуноҳ эмас ва ўз мактабида ёш инглиз қизларига зўравонлик билан ҳужум қилмоқда", деган ёлғон даъволарни такрорлади. Ушбу баёнотлар интервью ва миллионлаб марта томоша қилинган 90 дақиқалик "Silenced" фильми орқали ҳам тарқалди.
Ҳимоячи Робинсон журналист сифатида ўз принципларига асосланиб ҳаракат қилганини таъкидлади. Шу билан бирга, судья сиёсий фаолият эмас, балки суд қарорини бузиш ва қонун устуворлигига путур етказиш масаласи кўриб чиқилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, Робинсон 80 350,82 фунт стерлинг миқдоридаги суд харажатларини тўлаши керак эди. Агар у Silenced фильмини ижтимоий тармоқларидан олиб ташласа, жазо муддати тўрт ойга қисқартирилиши мумкин.
"Бугунги ҳукм Ленноннинг хатти-ҳаракатлари ҳам ҳуқуқий оқибатларга олиб келишини ҳамда Жамол Ҳижозий учун қандайдир адолатни таъминлашини исботлайди", - дейилади исломофобга қарши далилларни тўплаган Hope Not Hate ирқчиликка қарши гуруҳ баёнотида.
Томми Робинсон (ҳақиқий исми Стивен Яксли-Леннон) — британиялик ўнг қанот фаоли, ўта ўнгчи “Инглиз мудофаа лигаси” (EDL) ташкилотининг асосчиси ва собиқ раҳбари. У исломга қарши чиқишлари ва провокацион ҳаракатлари туфайли кенг танилган. Томми турли жиноятлар, жумладан, ипотека бўйича фирибгарлик, АҚШ иммиграция қонунларини бузиш ва судга ҳурматсизлик учун бир неча бор жиноий жавобгарликка тортилган.
Сўнгги йилларда у оммавий ахборот воситалари ҳаётида фаол иштирок этиб, ижтимоий тармоқларда ўз каналини юритмоқда. Уларда суд тақиқлари ва чекловларига қарамай, муҳожирлар ва мусулмонларга қарши салбий қарашларини тарғиб қилишда давом этмоқда.