Бангладешда сув тошқинлари ва кўчкилар қурбонлари сони 27 кишига етди
Бангладешда кучли ёмғирлар туфайли рўй берган сув тошқини, кўчки ва дарё тошиши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 27 кишига етди, яна икки киши бедарак йўқолганлар рўйхатида.
Bdnews24 табиий офатларни бошқариш ва уларга ёрдам бериш
вазирлиги маслаҳатчиси ўринбосари Али Ризага таяниб, ёмғир оқибатларидан бутун мамлакат бўйлаб
5,6 миллионга яқин одам жабрланганини маълум қилди.
Унинг
сўзларига кўра, жойларда жабрланганларга 620 нафар тиббиёт ходими ёрдам
кўрсатмоқда.
Вақтинчалик қабулхоналарга 510 мингга яқин аҳоли
жойлаштирилган. 34 500 бош ҳайвон табиий офат ҳудудидан хавфсиз ҳудудларга олиб
кетилди.
Расмий
вакил бутун мамлакат бўйлаб озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар етарли
бўлишига ишонтирди. Ҳукумат жабрланган ҳудудлар аҳолисига ёрдам беришда давом
этади, деди у.
Dhaka Tribune нашрига
кўра, ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлар томонидан ажратилган ёрдам сув
тошқинидан зарар кўрган бориш қийин бўлган ҳудудларга етиб бормаяпти.
Транспорт коммуникацияларидаги муаммолар ва қайиқлар етишмаслиги туфайли
аҳолининг бир қисми озиқ-овқат, тоза ичимлик суви ва дори-дармонлардан маҳрум,
дея қайд этади нашр.
Бангладешликлар ҳалокатда Ҳиндистонни айбламоқда
Аввалроқ Даккадаги Жаганнат университетининг 600 га яқин
талабаси Ҳиндистоннинг Трипура штатида жойлашган тўғоннинг очилиши
Бангладешдаги вайронкор сув тошқинларига сабаб бўлганини айтиб, Ҳиндистонга
қарши норозилик намойиши ўтказган эди. Бироқ Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни
рад этди.
Ҳиндистон ва Бангладеш каби Жанубий Осиё мамлакатларида
муссон ёмғирлари одатда июнь ойида бошланади.
Ҳиндистон ва Бангладеш Ҳимолой тоғларидан Бенгал кўрфазига
оқиб ўтадиган 54 та умумий дарёга эга. Икки давлат ўртасида ушбу умумий дарёларнинг
сувларини бўлишиш бўйича келишмовчилик сақланиб қолмоқда.