Курск вилоятида учинчи кундирки жанглар давом этмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги 8 августга ўтар кечаси ва эрталаб ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Курск вилояти осмонида олтита учувчисиз учоқ ва бешта ракетани йўқ қилганини билдирди. Вазирлик маълумотларига кўра, яна 14 та дрон Белгород вилояти узра уриб туширилган.

Америка урушни ўрганиш институти (ISW) ўз ҳисоботида ёзишича, турли манбаларга кўра, Украина қўшинлари аллақачон Курск вилоятида Россия ичкарисига қараб 10 километр силжиган бўлиши мумкин. РФ Мудофаа вазирлигига алоқадор "Рыбарь" Телеграм-канали маълумотларига кўра, Украина ҳарбийлари Суджанинг ғарбий ярмини эгаллаб олган ва ҳозирда тўғон ҳудуди бўйлаб жанговар алоқа чизиғи ўтмоқда (бу пасттекислик бўлиб, у орқали Суджа кичик дарёси оқиб ўтади). Қайд этилишича, Россия томонидан бу ҳудуд асосан “маҳаллий милиция бўлинмалари” томонидан ҳимоя қилинади.

Канал, шунингдек, ҳозирда "Украина қўшинлари сони, йўналишдаги ҳарбий техника захиралари ва душманнинг ҳарбий салоҳияти тугамаганини" даъво қилмоқда. Россиянинг "Два майора" телеграм-каналида "вазият мураккаб" ва душман "илгари тахмин қилинганидан кўра каттароқ кучлардан" фойдаланаётгани ёзилди.

Ўз навбатида, Оқ уй украиналик ҳарбийлар билан боғланиб, уларнинг Курск вилоятига ҳужумдаги мақсадлари ҳақида сўраш ниятида, деди Оқ уй матбуот котиби Карине Жан-Пер.

"Биз украиналик ҳарбийлардан мақсадлари ҳақида кўпроқ билишни сўраймиз. Хусусиятларга келсак, украиналиклардан ўзларининг ҳарбий амалиётлари ҳақида гапиришларини сўраган бўлардим", - деди у. Унинг қўшимча қилишича, Вашингтон Киевни қўллаб-қувватлашда давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Курск вилоятида 6 август куни эрталабдан бери жанглар давом этмоқда. Эртаси куни Россия Бош штаби раҳбари Валерий Герасимов минтақа минг нафаргача бўлган Украина кучлари томонидан ҳужумга учраганини маълум қилди. 7 август куни у Россия президенти Владимир Путинга Украина қўшинларининг минтақада юриши тўхтатилгани ҳақида ҳисобот берган. Бироқ Телеграм каналлар бунинг аксини даъво қилмоқда. Путин, ўз навбатида, Курск вилоятида содир бўлаётган воқеаларни “яна бир кенг кўламли провокация” деб атади.

Ҳудудда фавқулодда ҳолат эълон қилинган, маҳаллий аҳоли эвакуация қилинмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳужум оқибатида 31 киши тан жароҳати олган. Курск ҳукумати беш кишининг ўлими ҳақида хабар берди.

Украина томони Курск вилоятидаги воқеаларга расман изоҳ бермади.

Мавзуга алоқадор