Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Россия етакчиси Владимир Путин билан учрашувда Россия билан иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш йўналишини тасдиқлади. Раҳмон "Крокус Сити Холл"даги қўпорувчилик ҳаракати мавзусига тўхталиб, унда Тожикистондан бир неча киши айбланаётганига эътибор қаратди.

Унинг айтишича, бу фожиа Тожикистон имиджига жиддий зарба берди. Унга кўра, республика махсус хизматлари терроризмга қарши курашда россиялик ҳамкасблари билан яқин ҳамкорликда ишлашда давом этади.

“Террорнинг ватани, миллати ва дини йўқ. Биз бунга қарши биргаликда курашишимиз керак”, деди сиёсатчи.

Бундан ташқари, Раҳмон ўз мамлакати учун Россиядаги меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ “нозик” масалани муҳокама қилишни таклиф қилди. 

Унинг қўшимча қилишича, Совет Иттифоқи даврида ҳам Тожикистон комсомол қурилиш майдончалари ва қурилиш батальонлари учун ўзига хос ишчи етказиб берувчи бўлган.

Владимир Путин, ўз навбатида, Крокусдаги терактдан кейин ҳамкасбига ҳамдардлик билдиргани учун миннатдорчилик билдирди. У, шунингдек, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги даражасидан мамнунлигини билдириб, Россия Тожикистоннинг асосий ҳамкори эканини эслатди.

Мавзуга алоқадор