26.09.2024 18:00

Ғарбона сиёсат: Исроил ва Фаластин учун махсус луғатдан фойдаланилмоқда

Ғарбда Исроилнинг Фаластиндаги хунрезликларини оқлаш учун муайян луғатлар ишлаб чиқилган. Журналистлар ва расмийлар феълларни ишлатганда одатда мажҳул нисбатдан фойдаланишади ёки муайян грамматик қоидаларга амал қилишади. 

Мана шундай тил билан боғлиқ жараён бугунги Ғарб сиёсатини ўзида акс эттиради. 

Айниқса, 7 октябрдан кейин Исроилнинг Ғазодаги ваҳшийликларини яшириш учун шунга ўхшаш луғатлар кенг қўлланилмоқда. Бунга ҳукумат ва оммавий ахборот воситалари ходимлари Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Исроил геноциди қурбонлари ҳақидаги статистик маълумотларини "ҲАМАС сабабли" деган ибора билан бирга ишлатишини мисол қилиш мумкин. Бундай кўрсатмалар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бошқа халқаро гуманитар агентликларнинг позицияларига қарши бориш демак. 

Асл рақамларни тан олишдан бош тортиш АҚШ ҳукумати ҳамда Фаластинга қарши лиганинг расмий позицияси ҳисобланади. Расмий Вашингтоннинг махсус ишлаб чиқилган луғати нафақат АҚШда, балки дунё бўйлаб, масалан Араб медиасида ҳам татбиқ этилмоқда.

“The New York Times” нашри – АҚШ режимининг норасмий овози ва Ғарб матбуотининг намунаси сифатида, мазкур лингвистика ва луғатга ҳушёрлик билан ёндошади.

Нашр муҳаррирлари журналистларга "геноцид" ва "этник тозалаш" каби атамалардан фойдаланишни чеклайди, камдан-кам ҳоллардагина Фаластин сўзи ишлатилади, қочқинлар лагерлари ва Исроил томонидан босиб олинган ҳудудларни тасвирловчи сўзларга ҳам цензура ўрнатилган.

Қолаверса Ғарб ОАВлари раҳбарияти журналистларни босқинчиларнинг қотилликларини тасвирлаш учун "сўйиш", "қирғин" ва "хунрезлик" каби "фитна қўзғовчи" атамалардан фойдаланишда эҳтиёт бўлишга чақиради. 

Уруш сўзлари

Урушлар ва ҳарбий операцияларни номлашда қўлланиладиган тил ҳам ушбу таржима амалиётидан далолат беради. Исроил фаластинликлар қирғинини бошлаганидан сўнг, сионистларнинг матбуотдаги тарафдорлари ишғол ҳаракатларини "Исроил-ҲАМАС уруши" деб номлашди. ҲАМАС Ғазонинг қонуний бошқарув органи эканлигини ҳисобга олсак, бу жуда ажабланарли ёрлиқ эди.

Аслида, Фаластин қаршилик ҳаракати 2006 йил январь ойида Ғарбий Соҳил ва Ғазода сўнгги демократик тарзда ўтказилган сайловларда ғалаба қозонган эди.

Ҳаракат бошқарувни ўз зиммасига олганига кўп бўлмай Фаластин маъмурияти устидан назоратни қайтариб олиш ва ўзига содиқ ФАТҲ партиясини тиклаш мақсадида ўйин бошлаган АҚШ қўлловидаги тўнтаришга рўбарў келди.

Америка тўнтариши Ғарбий Соҳилда муваффақиятли амалга оширилди, аммо Ғазода муваффақиятсизликка учради. У ерда демократик йўл билан сайланган ҲАМАС ҳукумати ФАТҲ хоинлари ва уларнинг ҳомийларини мағлуб этди. Ўшандан бери янги сайловлар ўтказишга қаратилган барча уринишларга ФАТҲ бошқарувидаги Фаластин маъмурияти томонидан кескин қаршилик кўрсатиб келинади.

Ушбу яхши ҳужжатлаштирилган яқин тарихга асосланиб, Исроилнинг Фаластин халқига қарши геноцид – қирғин уруши энг камида "Исроил-Фаластин уруши" деб аталиши аниқ эди.

Октябрь ойидан бери ишғол қилинган Ғарбий Соҳилда фаластинликларга қарши Исроил зўравонлиги ва хунрезликларининг кескин кучайиши ҳисобга олинса, бу аслида тўғри эмас.

Исроил ҳукуматининг ўзи бир неча бор барча фаластинликларга қарши уруш эълон қилган. Шунга қарамай Ғарб оммавий ахборот воситалари Исроил урушининг нишони қилиб фақатгина ҲАМАСни келтиришда давом этмоқда. Ҳаракатнинг Ғарб расмийлари томонидан қораланиши сиёсатчилар ва оммавий ахборот воситаларига сионистларнинг бутун Фаластин халқига ҳужумини хаспўшлаш имконини берди. 

40 000 дан ортиқ инсонни ўлдирган ва яна 90 000 дан зиёд фаластинликни яралаганидан кейин ҳам Исроил ноқонуний террорчиларга қарши курашчи сифатида тасвирланмоқда. 

Бундай номлаш, албатта, АҚШ бошлаган урушларга тегишли эмас. Масалан, 2003 йилда Бушнинг Ироққа бостириб киришини тасвирлаш учун "Республикачилар уруши" иборасидан фойдаланишимиз тўғри бўлмайдими аслида? Фуқаролар урушидан то Рейган бошқарувига қадар, АҚШнинг барча ишғоллари ва четдаги урушлари Демократик партия томонидан амалга оширилган. Шунда биз демократик партиянинг Вьетнам ёки Кореядаги урушларини “Вьетнам уруши” ёки “Корея уруши” демай “Демократик партия уруши” дейишимиз тўғри бўлмайдими? Дарҳақиқат, марҳум республикачи сенатор Боб Доле 1976 йилда бу урушларни "демократлар урушлари" деб атаган эди. Худди шундай бугун Исроилнинг Ғазода амалга ошириб келаётган қирғинбаротлари учун ҳам демократик партияни тўлақонли айбласак бўлади. Аммо буни мейнстрим ОАВ доимо яширади. У Исроилнинг кўплаб журналистлар, тез ёрдам ходимлари, шифокорларни ўлдириб юборганига шунчаки панжа орасидан қарайди. 

Махсус атамалар

Ўнлаб йиллар давомида Ғарб матбуотининг катта қисми исроилликлар томонидан фаластинликларнинг ўлдирилиши ҳақида хабар беришда доимо мажҳул нисбатдан фойдаланиб келади. Фаластинликлар одатда сирли равишда “ўлдирилган” (эҳтимол, ўзга сайёраликлар томонидан) ёки бехосдан “ўлиб қолган” бўлишади. Бошқа томондан, Фаластиннинг исроилликларга қилинган ҳужумлари ҳақидаги янгиликларда ҳар доим аниқ нисбат қўлланилади ва “жиноятчилар” номма-ном келтирилади.

Бу, шунингдек, фақат фаластинликлар учун ажратилган ва Исроил ундан ҳимояланадиган "террорчи" атамасига ҳам тегишли. "Террорчи" тавсифи ҳаракатнинг ўзига эмас, балки маълум бир золимона (ва баъзан оддий) ҳаракатни содир этган томоннинг миллий ва ирқий ўзига хослигига асосланади.

Исроил атайлаб тинч аҳолини нишонга олганида ва мактаблар, бошпаналар, касалхоналар, кўчаларда ўн минглаб одамларни ўлдирганида, унинг жиноятлари ҳеч қачон террорчилик деб таърифланмайди. Фаластиннинг исроиллик аскарларга ҳужуми эса шу заҳотиёқ “террорчилик иши”га айланади. 

Бу биз илгаридан таъкидлаган Исроил сиёсий тилининг таърифларига мос келади. Ушбу ихтисослаштирилган луғатдаги яна бир машҳур атамадан анча йиллар давомида фойдаланиб келишади.  "Можаро" (конфликт) сўзи узоқ вақтдан бери ғарб ва Исроил томони учун Фаластин-Исроил муаммосини тасвирлашда танлов атамаси бўлиб келган. 

Ғарбнинг “нейтрал”  “можаро” атамаси Исроил мустамлакачилигини ҳимоя қилиш учун қатъий равишда қўлланилиб келинади. 

Мафкуравий луғат

Фаластин ва Исроилнинг барча масалаларини ифода этувчи ушбу махсус Ғарб луғати жуда ўзига хос бўлиб, у ҳатто мамлакатлар географиясига ҳам катта таъсир кўрсатади. IХ-XIII асрлардан бошлаб, мос равишда, бутун араб тилида сўзлашувчи халқлар ва мусулмон ўлкалари Фаластин шаҳарларини (шунингдек, Байт ал-Мақдис номи билан ҳам танилган) ва ал-Халилни ўз номлари билан аташган. Бироқ, ҳозирги вақтда иккала ҳудуд ҳам ўзларининг ўнинчи асрдан олдинги даврлардаги Шумер-Аккад/оромий ва аморит тилларига тегишли "Қуддус" ва "Хеврон" номларида кўрсатилмоқда.

Бу узоқ вақтдан буён маҳаллий аҳоли ўзини номлаб келган номлардан фойдаланишни инкор қилишдир. 

Айни вақтда Ғарб медиаси Туркия учун Türkiye номини қабул қилишдан бош тортиб келади. Гарчи мамлакат 2021 йилда БМТда ўз номини расман ўзгартирган бўлса ҳам.

XIV асрда Фаластин географияси ва социологиясида қандай ўзгаришлар юз берган бўлмасин, мамлакатдаги шаҳарларнинг номлари насроний ва яҳудийлар тили билан аталмоқда.

Ушбу луғавий танловлар ва уларни маълум қилувчи мафкуравий луғат Ғарб империалистик ҳукуматлари ва матбуотининг Фаластин халқига қарши Исроилни қўллашига далолатдир.

Муҳим ҳақиқат шуки, яқин йиллар ичида жуда кўп америкалик ва европаликлар юқоридаги сингари мафкуравий тил ва номлашларни қабул қилишдан бош тортди. Фаластин курашини аслидагидек – озодлик кураши эканини тан олишмоқда.

Жозеф Массад, Нью-Йоркдаги Колумбия университетининг замонавий араб сиёсати ва фикр тарихи профессори, бир қанча асарлар муаллифи

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.