23.09.2024 18:00

Деизмга кўра яратгувчи мулкига бошқаларнинг шерик қилинишига изн берадими?

Бу – деизм ҳақидаги олтинчи дарсимиз. Олдинги дарсимизда таҳлилимиз неъмат юзасидан бўлганди. Мазкур дарсда моликият мавзусини таҳлил қиламиз. Суҳбатдошимиз – яна бир деист. Унга юзланамиз:

– Сенинг катта мулкинг бўлса, у билан сарватинг ва улуғлигингни кўрсатмоқчи бўлсанг ва кўрсатсанг. Мулкингда ижарачиларинг ҳам бўлса... Ҳамма нарса сеники бўлгани ва бадавлатлигинг, баланд мартабангни кўрсатиб тургани ҳолда, одамлар мулкингни бошқасига оид деб билса ва ўзаро бундай гаплашишса: “Бу ер Аҳмадники, буниси Маҳмудники, анави жой Алиники, манавиниси Валиники...” Одамлар шу тарзда ижарачиларингни мулкингга шерик қилишса, уларга: “Эй аҳоли! Бу мулк бутунлай менга оид. Менинг давлатим. Сизлар жой эгаси деб гумон қилаётган кишилар ижарачиларим. Мулкимда менга шерик йўқ”, демайсанми?


Албатта шу ва шунга ўхшаган сўзларни айтасан, мулкинг тақсимотига рози бўлмайсан. Энди яна бир савол берамиз:

– Сен бойлигим ва эътиборимга халал етказади дея, мулкинг тақсимотига кўнмаганинг ҳолда, зарралардан атомларгача бутун борлиқнинг ҳақиқий эгаси бўлган Аллоҳ мулкига бошқаларнинг шерик қилинишига рози бўладими? Мулкининг бошқаларники деб гумон қилинишига изн берадими? Буюклиги ва азамати бунга имкон берадими?


Албатта изн бермайди ва рози бўлмайди. Модом Аллоҳ бутун мулк ўзига оидлигининг билинишини истаркан, пайғамбарлар юборади ва китоблар туширади. Токи биз мулкнинг ягона соҳиби сифатида Уни билайлик. Агар пайғамбарлар бўлмаса, адашиб қоламиз, Аллоҳ ва яратиқлари ўртасида Унинг мулкини тақсимлаб қўйишимиз мумкин.


Пайғамбар юборилмаган ёки юборилса ҳам, пайғамбарининг сўзига қулоқ солмаган қавмларга қара. Бир қисми атеист бўлиб, Аллоҳнинг мулкига тасодифлар, сабаблар ва табиатни шерик қилади. Бошқа қисми эса ботил илоҳлар топиб олган. Улар, масалан, бундай дейишади: “Осмон Зевсга тегишли, унинг назорати остида. Денгизларни Посейдон идора қилади...” Бу каби яна кўп гапларни айтишади ва Аллоҳнинг мулкини бошқалар ўртасида тақсимлашади.


Аллоҳ таоло бутун мулкнинг ягона соҳиби эканини билдириш учун пайғамбар юборди, китоблар туширди ва бундай огоҳлантирди: “Эй қулларим, бутун мулк Менга оид. Мулкимда шеригим йўқ. Заррадан тортиб қуёшгача бутун борлиқ Менга тегишли. Зинҳор мулкимда менга шерик қўшманг, мулкимни Мен билан улар ўртасида тақсимламангки, бу буюклигим ва азаматимга ярашмайди”.

Пайғамбарларнинг юборилиши шу жиҳатдан зарурий ва бу Аллоҳнинг ягоналиги каби аниқдир. 

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.